Эрондаги конда газ портлаши сабаб 51 киши ҳалок бўлди

Президент Пезешкиён ҳодиса бўйича тергов бошланганини айтди. 

Жаҳон
22 сентябрь, 15:46
Эрондаги конда газ портлаши сабаб 51 киши ҳалок бўлди

Эроннинг Жанубий Хуросон вилояти Табас шаҳридаги кўмир конида содир бўлган портлашда камида 51 киши ҳалок бўлди, 20 киши жароҳатланди. 

Бу ҳақда Al-Jazeera телеканали хабар берди.  

Портлаш Теҳрондан 540 км жануби-шарқда жойлашган компаниянинг Маданжоо конида метан сизиб чиқиши натижасида содир бўлган.

Портлаш пайтида Б ва C1 блокларига бўлинган конда 69 киши ишлаган. Б блокида қутқарув операцияси якунланди: 47 ишчидан 30 нафари ҳалок бўлди, 17 нафари яраланди. C блокида қутқарув ишлари давом этмоқда, аммо метаннинг юқори зичлиги жараённи мураккаблаштиради, бу эса яна бир неча соат давом этиши мумкин.

Эрон президенти Маъсуд Пезешкиён БМТ Бош Ассамблеясига боришга ҳозирланар экан, қамалиб қолганларни қутқариш ва уларнинг оилаларига ёрдам бериш учун барча саъй-ҳаракатларини амалга оширишини айтди. У, шунингдек, воқеа юзасидан тергов бошланганини ҳам маълум қилди.

Бу фожиа Эрон тоғ-кон саноати тарихидаги биринчи ҳодиса эмас. 2017 йилда кўмир конида содир бўлган портлашда 42 киши ҳалок бўлган, 2013 ва 2009 йилларда эса алоҳида ҳодисаларда мос равишда 11 ва 20 ишчи ҳалок бўлган. Бундай офатларнинг сабаблари кўпинча хавфсизлик стандартларининг қониқарли эмаслиги ва фавқулодда хизматлар тизимидаги камчиликлар билан изоҳланади. 

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+