Путин армиядаги хизматчилар сонини қарийб 2,4 миллион кишига оширди
Фармон 2024 йил 1 декабрдан кучга киради.
Россия президенти Владимир Путин икки йил ичида учинчи марта армия хизматчилари сонини оширди.
Путин ўз фармони билан Россия Қуролли Кучларининг штат даражасини 2 миллион 389 минг 130 кишига оширди, бу рақам 1,5 миллион ҳарбий хизматчини ўз ичига олади ("шу жумладан, 1 миллион 500 минг ҳарбий хизматчи", — дейилади ҳужжатда). Фармон 2024 йил 1 декабрдан кучга киради.
Бунгача Путин ўтган 2023 йилнинг декабр ойида Россия армиясининг штат сонини 2 209 130 кишига, шу жумладан 1 320 000 ҳарбий хизматчига оширган эди. Шундай қилиб, яна 180 минг ҳарбий хизматчи қўшилади.
2022 йил август ойида, Украинада уруш бошланганидан олти ой ўтгач, Россия Қуролли Кучларининг штат сони 1 150 628 нафар ҳарбий хизматчига кўтарилди. Ўша пайтда Россияда 2017 йилги фармон амалда эди - унга кўра, штатда 1 013 628 нафар ҳарбий хизматчи бўлиши керак эди, бу кўрсаткич уруш бошланишида ҳам долзарб бўлган.