Қишлоқ хўжалиги вазирининг собиқ ўринбосари 6 йилга қамалди
У қарийб 10 млрд сўмлик 1 млн дона узум кўчатини етказиб бериш иши бўйича талон-торож қилиш ва мансаб сохтакорлигида айбланган.
Қишлоқ хўжалиги вазири собиқ ўринбосари Алишер Тўраев суд ҳукми билан 6 йилга қамалди. У қарийб 10 млрд сўмлик 1 млн дона узум кўчатини етказиб бериш иши бўйича талон-торож қилиш ва мансаб сохтакорлигида айбланган.
Жорий йилнинг 5 сентябр куни Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани судида Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирининг собиқ ўринбосари Алишер Тўраев, унинг қизи Анаис Тўраева ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази собиқ ҳисобчиси Мансур Қўзибековга нисбатан ҳукм ўқилган.
2021 йил сентябрь ойида Алишер Тўраевнинг ўғлига тегишли бўлган De Nova Agro компанияси 1 миллион дона узум кўчатини етказиб бериш бўйича 9,95 миллиард сўмлик тендерда ғолиб бўлган. Суд қарорига кўра, амалда бу кўчатлар марказга етказиб берилмаган бўлса-да, маҳсулот қабул қилингани ҳақида бир нечта сохта электрон ҳисоб-фактуралар расмийлаштирилиб, маблағлар ўтказиб берилган.
Собиқ ўринбосар ўз айбига қисман иқрор бўлди.
Суд собиқ вазир ўринбосарини Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми "а" банди (Жуда кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 209-моддаси 2-қисми "а" банди (Такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилган мансаб сохтакорлиги) билан айбдор деб топди ва 2 йил муддатга давлат ташкилотида раҳбарлик, моддий ва мансабдорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этиб, 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.
Мансур Қўзибеков шу каби моддалар учун 5 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум этилди.
Анаис Тўраева эса Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми "а" банди ва 28-моддани қўллаган ҳолда 209-моддаси 2-қисми "а" банди (мансаб сохтакорлигида шериклик) бўйича 5 йилу 1 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди.
Телеграмда кузатиб боринг!