Ғазо жанубидаги тинч аҳоли чодирига зарба берилди: 40 киши ҳалок бўлган
Исроил томони ҳужум ҲАМАС жангчиларига қаратилганини иддао қилди, лекин гуруҳ бу баёнотни рад этиб, уни "жирканч ёлғон" деб атади.
Исроилнинг Ғазо сектори жанубига кўчирилган фаластинликлар чодир лагерига уюштирган зарбаси оқибатида 40 киши ҳалок бўлди, 60 киши яраланди, деб хабар бермоқда Фаластин ОАВлари.
Уларга кўра, гуманитар ҳудуд деб эълон қилинган Ал-Маваси ҳудуди, Хон Юнусдаги чодир лагерига камида тўртта ракета отилган.
Ғазо фуқаролик фавқулодда вазиятлар бошқармаси ракеталар камида 20 чодирга отилгани ва чуқурлиги 9 метргача бўлган кратерлар пайдо бўлганини айтди.
Ғазо фуқаролик мудофааси воизи Маҳмуд Бассалнинг айтишича, ҳудудда яшовчи фаластинликлар зарба ҳақида олдиндан огоҳлантирилмаган. Унинг қайд этишича, ҳужумлар натижасида бутун оилалар қум тоғлари остида кўмилган.
Қайд этилишича, қурбонлар, жумладан аёллар ва болаларнинг аниқ сони ҳозирча номаълум.
Айни пайтда, Исроил мудофаа кучлари, Хон Юнус гуманитар зонасида жойлашган қўмондонлик ва назорат марказидан фаолият олиб бораётгани тахмин қилинган ҲАМАСнинг кўп сонли жангариларига зарба берганини маълум қилди.
"Тинч аҳолига зарар етказиш хавфини камайтириш учун зарбадан олдин кўплаб чоралар кўрилди, жумладан, аниқ бошқариладиган ўқ-дорилар, ҳаводан кузатув ва қўшимча активлардан фойдаланиш", - дейилади ҳарбийлар телеграммасида.
Айни пайтда, ҲАМАС ҳаракати ўз жангчилари Хон Юнус яқинидаги Ал-Маваси гуманитар зонасида бўлмаганини даъво қилмоқда.
"Бу жирканч жиноятларни оқлашга қаратилган очиқ ёлғон. Қаршилик ўз аъзоларидан бирортаси фуқаролар йиғинлари орасида бўлганини ёки бу жойлардан ҳарбий мақсадларда фойдаланаётганини бир неча бор рад этган", - дейилади ҲАМАС баёнотида.