ДХХ “Хавфсиз дарё бошқармаси” мансабдорини қўлга олди

У ноқонуний равишда қум қазиб олаётганлик ҳолатини аниқлаб, фуқарога нисбатан чора кўрмаслик ва бошқалар эвазига 3 минг доллар талаб қилган. 

Жамият
9 сентябрь, 17:45
ДХХ “Хавфсиз дарё бошқармаси” мансабдорини қўлга олди

Давлат хавфсизлик хизматининг Қашқадарё вилояти бўйича бошқармаси ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган.

Унда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги “Хавфсиз дарё бошқармаси” давлат муассасасининг Қашқадарё вилояти бўлинмаси мансабдор ходими Қарши туманида истиқомат қилувчи фуқаро томонидан махсус техникалар ёрдамида “Қашқадарё” дарёси атрофидан ноқонуний равишда қум қазиб олаётганлик ҳолатини аниқлаб, унга нисбатан чора кўрмаслик ва ушбу ноқонуний ҳолат юзасидан жарима майдончасига жойлаштирилган экскаватор-юклагич техникасини чиқариб бериш, шунингдек, келгусида қум қазиб олишида раҳнамолик қилиш эвазига 3 минг АҚШ доллари  олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди. 
 

Ҳолат юзасидан ушбу мансабдор шахсга нисбатан Жиноят Кодексининг 210-моддаси 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.

Бошқа ҳолатда эса Сурхондарё вилоятидаги қурилиш объектларида назорат ўлчов фаолиятини амалга оширувчи МЧЖнинг етакчи мутахассиси Жиззах вилоятида қурилиш фаолияти билан шуғулланувчи МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан  жорий йилнинг май ойида прокуратура органлари томонидан Жиноят Кодексининг 167-моддаси билан қўзғатилган жиноят иши доирасида, ушбу МЧЖ томонидан Янгиобод туманида амалга оширилган қурилиш ишлари бўйича ўтказилган назорат ўлчовида аниқланган қўшиб ёзиш ҳолатларини текширув хулосасида кўрсатмаслик ҳамда танишлари орқали тергов жараёнларида енгиллик яратиб бериш эвазига 400 млн. сўм талаб қилади.
 

Давлат хавфсизлик хизматининг Жиззах вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда етакчи мутахассис талаб қилинган пул маблағидан 150 млн. сўм олган вақтида ушланди.
 

Ҳолат бўйича қонунбузарга нисбатан Жиноят Кодексининг 25,168-моддаси 3-қисми “а”, “в” бандлари ҳамда  28,211-моддаси 2-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+