Байрам муносабати билан пенсиялар олдиндан тўланади
Пенсиялар Мустақиллик байрамигача 15 фоиз оширилган ҳолда пластик карталарга ўтказилади. Нақд олувчиларга эса 4 сентябрдан тарқатилади.
Мустақиллик байрами муносабати билан пенсия тўловлари олдиндан тўлаб берилади. Бу ҳақда Пенсия жамғармаси хабар берди.
Маълумки, Давлат мустақиллигининг 33 йиллиги муносабати билан 1-3 сентябр дам олиш кунларига тўғри келмоқда.
"Ўзбекистондаги кекса ёшдаги фуқароларни, пенсия олувчиларни, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда байрамни кўтаринки руҳда кутиб олишларини таъминлаш мақсадида, пенсия тўловларини банк пластик картада олувчи фуқароларнинг жорий йил сентябрь ойи учун пенсия тўловлари 1 сентябрь кунига қадар уларнинг банк пластик карталарига ўтказиб берилади", дейилади жамғарма хабарида.
Президентнинг "Иш ҳақи, пенсиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида"ги Фармони (ПФ-108-сон) га мувофиқ жорий йил сентябрь ойи пенсиялар миқдори 15 фоизга оширилган ҳолатда пенсионерларга тўланиши таъминланади.
Нақд пул шаклида пенсия олувчиларга тўловлар 4 сентябрь кунидан бошлаб Халқ банки сайёр кассалари томонидан графикка мувофиқ амалга оширилади.