Шерали Қосимов Тўрақўрғон тумани ҳокими этиб тайинланди
Туманнинг аввалги ҳокими Аҳрор Мансуров Мингбулоқ туманига раҳбар бўлганди.
Қосимов Шерали Абдукаҳарович Тўрақўрғон туманига ҳоким этиб тайинланди.
Шерали Қосимов 1986 йилда Наманган туманида туғилган. 2010 йилда Наманган муҳандислик-педагогика институтини тамомлаган.
Меҳнат фаолияти давомида вилоят молия бошқармасида турли вазифаларда ишлаган.
Наманган тумани ҳокимлиги молия бўлими мудири, Наманган тумани ҳокими ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси Давлат Активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш марказининг Наманган вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи бўлган.
Янги тайинловга қадар эса Поп тумани ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари-туман Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бўлими бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган эди.
Шерали Қосимов Наманган вилояти ҳокимининг тегишли қарорига асосан Тўрақўрғон тумани ҳокими этиб тайинланди. Мазкур қарор халқ депутатлари Тўрақўрғон тумани Кенгашининг бугун бўлиб ўтган навбатдан ташқари сессиясида депутатлар томонидан тасдиқланди.
Эслатиб ўтамиз, Тўрақўрғоннинг аввалги ҳокими Аҳрор Мансуров Мингбулоқ туманига ўтказилганди.