platina.uz

Қалбаки дори ишлаб чиқарган тиббиёт ходими ва унинг шериги 5,5 йилга қамалди

Яширин цех шароитида тайёрланган ушбу дори воситалари асосан Андижон ва Қўқон шаҳарларида сотувга чиқарилган.

Жамият
20 август, 10:10
Қалбаки дори ишлаб чиқарган тиббиёт ходими ва унинг шериги 5,5 йилга қамалди

Яширин цех ташкил этиб, қалбаки дорилар ишлаб чиқарган фелдшер, уни хомашё билан таъминлаган шахс ва бошқаларга жазо тайинланди.

Жорий йилнинг 30 январь куни Давлат хавфсизлик хизматининг Наманган вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан божхона органлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтазилган.

Унда Чортоқ туман тез тиббий ёрдам фельдшери ўзининг яшаш хонадонидан “Кобальт” русумли автомашинада чиқиб кетаётган вақтида тўхтатилган.

Транспорт воситаси холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унинг салонида ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган 1000 дона “Зодак” дори воситаси борлиги аниқланган.

Маълум бўлишича, фельдшер ушбу дори воситаларини сотиш мақсадида Андижон вилоятига юбормоқчи бўлган.

Шунингдек, унинг яшаш хонадони кўздан кечирилганда, дори воситалари ишлаб чиқариш учун мўлжалланган яширин цех борлиги аниқланиб, сотиш учун тайёрлаб қўйилган 763 дона “Анаферон”, 2125 дона “Зодак”, 4000 дона “Витамин В6” дори воситалари, 570 дона номсиз флаконларда сироплар, дори препаратларини қадоқлашда фойдаланиладиган флаконлар, пластик қопқоқ ва пробкалар, дори қутилари ва йўриқномалари процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.

Таъкидлаш лозимки, мазкур шахс дори воситаларини тайёрлаш ва сақлаш учун ўзининг 1977 й.т. опасини ҳамда 1974 й.т. қариндошини жалб қилган.

Тадбир давомида унинг опасининг яшаш манзилидан ҳам 120 дона “Зодак”, 260 дона “Анаферон”, 96 дона “Хилак Форте” ва 313 дона номсиз флаконларга солиган сироп ҳолидаги дори воситалари ашёвий далил сифатида олинган.

Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, олиб борилган тергов жараёнида тез ёрдам фельдшерини дори воситалари тайёрлашда керак бўладиган этикетка, флакон, қопқоқ ва пробкалар, дори қутилари ҳамда йўриқномалар билан Андижон шаҳрида яшовчи, 1991 й.т. шахс таъминлаб турганлиги аниқланди.

Шунингдек, ушбу жиноятга алоқадор бўлган Қўқон шаҳрида истиқомат қилувчи, 1986 й.т. фуқаронинг яшаш хонадонида ўтказилган тинтув-тергов ҳаракати давомида тез ёрдам фельдшеридан сотиб олинган, умумий қиймати 27 млн. 646 минг 800 сўмлик 150 дона “Зодак” ва 146 дона “Хилак Форте” дори воситалари процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Тергов жараёнида қўлбола усулда тайёрланган дори воситаларининг олди-соттисига Чортоқ туманида яшовчи, 1994 й.т., тиббиёт йўналишидаги давлат олий таълим муассасасининг талабаси ҳам алоқадор эканлиги маълум бўлди.

Таъкидлаш лозимки, яширин цех шароитида тайёрланган дори воситалари асосан Андижон ва Қўқон шаҳарларида сотувга чиқарилган.

Жиноят ишлари бўйича Янгиқўрғон туман суди томонидан мазкур шахслар Жиноят Кодексининг 186 прим 3-моддасида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилиб, Чортоқ туман тез тиббий ёрдам фельдшери ҳамда уни хом-ашё билан таъминлаб турган, Андижон шаҳрида яшовчи фуқарога 5 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Қолган 4 нафар шахснинг ҳар бири 2 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Ашёвий далил сифатида олинган барча дори воситалари эса тегишли тартибда йўқ қилинди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+