Футбол мутахассиси Сайфиддин Эрматов вафот этди
У машҳур ҳакам ва ЎФА вице-президенти Равшан Эрматовнинг отаси бўлиб, ҳакам, инспектор ва мураббий сифатида ишлаган.
Таниқли футбол мутахассиси, машҳур ҳакам ва ЎФА вице-президенти Равшан Эрматовнинг отаси Сайфиддин Эрматов вафот этди.
Сайфиддин Газиевич Эрматов 1953 йил 22 февраль куни Тошкентда таваллуд топган. Аввал "Пахтакор", "Спартак" ва "Автомобилчи" жамоаларида тўп сурган. Шундан сўнг Сайфиддин Газиевич "Пахтакор" болалар-ўсмирлар спорт мактаби ва халқ орасида "Чиғатой" номи билан машҳур бўлган футбол бўйича Республика Олий спорт маҳорати мактабида ёшларга футболдан сабоқ берган.
Кейинчалик футбол ҳаками ва инспектори сифатида самарали меҳнат қилган.
Сайфиддин Эрматов фаолияти давомида кўплаб истеъдодли ёш ҳакамларни тарбиялашда ҳисса қўшган. Шогирдлари орасида ФИФА рефериси, футбол мундиалларини бошқариш бўйича жаҳоннинг мутлақ рекордчиси Равшан Эрматов, шунингдек, Абдуҳамидулло Расулов каби таниқли ҳакамларни учратиш мумкин.
Шунингдек, таркибида Сервер Жепаров, Шуҳрат Мирхолдиршоев, Ярослав Крушелницкий, Юрий Никитов каби иқтидорларни жамлаган 1982 йилда туғилган футболчилардан иборат Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси бош мураббийи бўлган.