Европада бир мавсумда қарийб 50 минг киши жазирама сабаб ҳалок бўлди
Энг кўп ўлим ҳолатлари Жанубий Европа, жумладан Греция, Болгария, Италия, Испания, Кипр ва Португалияда кузатилган.
Барселона Глобал Саломатлик Институти (IS Global) 2023 йилда жазирама туфайли Европанинг 35 давлатида 47,7 минг киши ҳалок бўлган тадқиқотини эълон қилди.
Маълумотлар 2023 йил июндан октябргача бўлган даврни қамраб олади. Жазирама Греция, Болгария ва Италияда ўлимларга энг катта таъсир кўрсатди.
IS Global тадқиқотига кўра, иссиқлик билан боғлиқ ўлим даражаси 2023 йилда 2022 йилга нисбатан паст бўлган.
Тадқиқотчилар буни 2022 йилнинг ёзида бўлгани каби 2023 йилда ҳам катта ҳарорат аномалиялари қайд этилмагани билан боғлашмоқда. 2023 йилда ўлим ҳолатларининг 57% (27 000) га яқини июль ўрталари ва август ойининг охирига тўғри келган, ўшанда Европа мамлакатлари энг кучли иссиқлик тўлқинларини бошдан кечирган.
Тадқиқот учун олимлар бутун 2023 йил учун Европанинг 35 мамлакатидаги 823 минтақада ҳарорат ва ўлим кўрсаткичларидан фойдаланганлар. Эпидемиологик моделларни яратиш учун тадқиқотчилар шунга ўхшаш маълумотлардан фойдаланганлар.
Энг кўп жабрланганлар жанубий Европа аҳолиси, яъни Греция (миллион киши бошига 393 ўлим), Болгария (229), Италия (209), Испания (175), Кипр (167) ва Португалия (136) эди. Аҳолининг энг заиф гуруҳлари орасида тадқиқотчилар аёллар ва 80 ёшдан ошган кекса одамларни аниқладилар. Иссиқлик билан боғлиқ ўлим аёлларда эркакларникига қараганда 55% га юқорироқдир.
Аввалроқ Токиода бир ойда 120 киши иссиқдан ҳалок бўлгани айтилганди.