Марказий банк иқтисодий кутилмалар шарҳини тақдим этди
Чоракдаги энг муҳим ҳодиса асосий ставка 0,5 фоиз бандга пасайтирилиб, йиллик 13,5 фоиз даражасида белгилангани бўлди.
Ўзбекистонда пул-кредит сиёсатини амалга оширишда асосий эътибор – иқтисодиётда нархлар барқарорлигини таъминлаш ва инфляция даражасининг 5 фоизлик ўрта муддатли таргетига эришишга қаратилмоқда.
Марказий банкнинг 2024 йил 2-чораги учун эълон қилган “Пул-кредит сиёсати шарҳи”да шундай рақам келтирилади.
Таъкидлаш керак, якунланган чоракдаги энг муҳим ҳодиса – Марказий банк бошқарувининг жорий йил 25 июлида асосий ставкани 0,5 фоиз бандга пасайтириб, йиллик 13,5 фоиз даражасида белгилашга қарор қилгани бўлди.
Қайд этиш лозим, Инфляциянинг кутилаётган динамикаси ва инфляцияни оширувчи хатарларнинг камайганлигини инобатга олиниб, 7 йилу 1 ой деганда асосий ставка 14 фоиздан пастга туширилди. Зеро, 2017 йилнинг июни охирида, валюта либерализациясига тайёргарлик доирасида асосий ставка 9 фоиздан 14 фоизгача кўтарилган ва ҳозиргача 14 фоиздан пастламаган эди.
Ҳисоботда таъкидланишича, базавий инфляциянинг пасайиши ва инфляцион кутилмалар динамикаси энергия тарифлари оширилишининг инфляцияга иккиламчи таъсири кутилганидан паст бўлаётгани боис, йил якунида инфляция прогноз коридорининг қуйи чегараларида шаклланиши бўйича ишончни оширган.
Жумладан, июнь ойида умумий инфляция йиллик 10,6 фоиз даражасида қайд этилиб, инфляциянинг барқарор компонентлари ва мева-сабзавотлар нархларида сезиларли пасайиш кузатилган. Ташқи бозорлардаги нархлар динамикаси ҳам импорт инфляциясига пасайтирувчи таъсир кўрсатишда давом этмоқда.
Марказий банкнинг таъкидлашича, жорий йилдаги базавий инфляция тенденцияси ва инфляцион омиллар таъсирининг кутилганидан пастроқ бўлиши ҳисобига инфляция прогнози пасайиш томонга қайта кўриб чиқилган. Йил якунида умумий инфляциянинг 9 фоиз атрофида шаклланиши ва 2025 йил охирида 5 фоизлик таргет даражасига яқинлашиши кутилмоқда.
Лекин шу билан бирга, йил якунигача инфляцион кутилмаларнинг ҳозирги динамикаси давом этиши бўйича айрим ноаниқликлар, шунингдек, хизматлар базавий инфляцияси юқорилиги билан боғлиқ инфляцияни оширувчи хатарлар ҳам сақланиб қолаётгани маълум қилинган.