Марказий банк асосий ставкани пасайтирди
Асосий ставка 0,5 фоизга пасайтирилиб, йиллик 13,5 фоизни ташкил этди.
Марказий банк асосий ставкани йиллик 0,5 фоиз бандга пасайтириб, йиллик 13,5 фоиз даражасида белгилади.
Ушбу қарор инфляциянинг кутилаётган динамикаси ва инфляцияни оширувчи хатарларнинг камайганлигини инобатга олиб қабул қилинган.
Июнь ойида умумий инфляция йиллик 10,6 фоиз даражасида шаклланиб, инфляциянинг барқарор компонентлари ва мева-сабзавотлар нархларида сезиларли пасайиш кузатилди. Ташқи бозорлардаги нархлар динамикаси ҳам импорт инфляциясига пасайтирувчи таъсир кўрсатишда давом этмоқда.
Шунингдек, озиқ-овқат товарлари инфляциясининг пасайиши ҳамда алмашув курси барқарорлиги аҳолининг инфляцион кутилмаларига ижобий таъсир кўрсатиб, июнь ойида сезиларли пасайишига олиб келди. Бу эса, кутилмалар томонидан инфляцияга босимларни пасайиб боришига шароит яратади.
Базавий инфляциянинг пасаювчи динамикаси давом этиб, июнда 5,9 фоизга тенг бўлди ва йил бошидан 2,6 фоиз бандга пасайди.