Асосий ставка йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирилди
2025 йил декабр ойида умумий инфляция прогноз доирасида шаклланиб, йиллик 7,3 фоизгача пасайди.

Марказий банк бошқаруви 2026 йил 28 январдаги йиғилишида асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида белгилаш тўғрисида қарор қабул қилди.
2025 йилда иқтисодий фаоллик кутилганидан юқори даражада шаклланди ва бу жараёнда барқарор ялпи талаб омиллари устувор бўлди.
Инфляция пасайиш динамикасида давом этиб, товарлар нархлари ўсиши секинлашиши кенг қамровли хусусият касб этмоқда.
Шу билан бирга, талаб омиллари таъсирида хизматлар инфляциясининг нисбатан юқори сақланиб қолиши, шунингдек, айрим озиқ-овқат товарлари нархлари ўсиши умумий инфляциянинг барқарор пасайишига муайян хатарлар туғдирмоқда. Ушбу шароитда пул-кредит сиёсатининг жорий қатъий даражада сақлаб қолиниши инфляциянинг барқарор пасайиш траекториясида шаклланишини таъминлайди.
Келгуси чоракларда ҳам инфляция ва инфлятсион кутилмалар барқарор пасайишда давом этган тақдирда, тартибга солинадиган нархлар ўзгаришидан келиб чиқиб, пул-кредит шароитлари қатъийлигини сақлаб қолган ҳолда асосий ставкани пасайиш томонга кўриб чиқиш имкониятлари юзага келади.
2025 йил декабр ойида умумий инфляция прогноз доирасида шаклланиб, йиллик 7,3 фоизгача пасайди.
Инфляциянинг пасайишига қатъий пул-кредит шароитлари, алмашув курсининг мустаҳкамланиши ва импорт нархлари таъсирларида базавий инфляциянинг секинлашиши ҳисса қўшди. Хусусан, декабрь ойида базавий инфляция йиллик ҳисобда 5,7 фоизгача пасайди.
Марказий банк бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилиши 2026 йил 18 март кунига белгиланган.