platina.uz

ССВнинг тизим ташкилотларига нисбатан иш қўзғатилди

Улар аҳолига кафолатланмаган тиббий хизмат кўрсатган. Қонун бузилишига йўл қўйган 8 та масъул мансабдор шахсларга жазо тайинлаш учун ҳужжатлар судга юборилган. 

Жамият
30 июль, 13:04
ССВнинг тизим ташкилотларига нисбатан иш қўзғатилди

ССВ тизим ташкилотлари томонидан кафолатланмаган тиббий хизматлар кўрсатилгани аниқланди. Рақобат қўмитаси мазкур муассасаларга қарши иш қўзғатди.

Рақобат қўмитаси томонидан истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида республика миқёсида фаолият юритаётган тиббиёт муассасаларида тиббиёт учун мўлжалланган ўлчаш ва синаш воситаларининг метрологик кўрикдан ўтказилганлиги ҳолати таҳлил қилинди.

Жумладан, Навоий, Жиззах, Сирдарё, Тошкент, Андижон, Наманган, Фарғона вилоятларидаги тиббиёт муассасаларида ўтказилган таҳлил натижаларига кўра, ўтган давр мобайнида ўлчаш ва синаш воситаларини ўз вақтида метрологик кўрикдан ўтказилмаганлиги ҳолатлари аниқланди.

Фарғона вилояти мисолида, вилоят ҳудудидаги 9 та тиббиёт муассасаларида (Республика Ихтисослаштирилган Она ва бола саломатлиги илмий амалий тиббиёт маркази Фарғона вилояти филиали, Фарғона вилояти 2-сонли офтальмология шифохонаси, Республика ихтисослаштирилган Дерматовенерология ва косметология илми-амалий тиббиёт марказининг Фарғона вилояти ҳудудий филиали, Республика Ихтисослаштирилган Урология илмий-амалий тиббиёт маркази Фарғона филиали, Фарғона вилояти Фтизиатрия ва пульмонология маркази, Фарғона вилояти Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиали, Республика Ихтисослаштирилган Эндокринология илмий амалий тиббиёт маркази Фарғона филиали, Республика Ихтисослаштирилган эпидемиология, микробиология, юқумли ва паразитлар касалликлар илмий-амалий тиббиёт маркази Фарғона филиали, Қўштепа тумани тиббиёт бирлашмаси, Риштон тумани тиббиёт бирлашмалари) ўтказилган таҳлил натижаларига кўра, ўлчаш ва синаш воситаларини ўз вақтида метрологик кўрикдан ўтказилмаганлиги ҳолатлари аниқланди.

Юқоридагиларга кўра, Рақобат қўмитаси томонидан метрологик кўрикдан ўтказилмаган тиббий синаш ва ўлчаш воситаларидан фойдаланиб жами 600 мингдан ортиқ истеъмолчиларга 300 млн сўмга яқин кафолатланмаган хизматлар кўрсатилганлиги аниқланган.

Жиззах вилояти мисолида, вилоят ҳудудидаги 5 та давлат тиббиёт муассасаларида (“Бахмал тумани тиббиёт бирлашмаси”, “Жиззах вилоят стоматология табобатхонаси”, “Жиззах шаҳар тиббиёт бирлашмаси”, “Республика ихтисослаштирилган дерматология ва косметология илмий-амалий тиббиёт марказининг Жиззах вилоят ҳудудий филиали” ва “Жиззах вилоят ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш маркази”) ўтказилган таҳлил натижаларига кўра, жами 344 та ўлчаш ва синаш воситаларини ўз вақтида метрологик кўрикдан ўтказилмаганлиги бўйича камчиликлар аниқланди.

Сирдарё вилояти мисолида, вилоят ҳудудидаги 2 та туман тиббиёт бирлашмаларида (Мирзаобод туман тиббиёт бирлашмаси ва Оқолтин туман тиббиёт бирлашмаси) аҳолига ўз вақтида метрологик кўрикдан ўтмаган тиббий ускуналар орқали пуллик хизмат кўрсатилганлиги ҳолатлари аниқланди.

Бу билан тиббиёт муассасалари Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 4, 12, 19, 20 ва 27 моддалари талабларига зид равишда иш тутган деб топилиб, Вазирлар Маҳкамасининг 225-сонли қарорига мувофиқ юқоридаги тиббиёт муассасаларига нисбатан иш қўзғатилди.

Қонунбузарлик ҳолатини бартараф этиш юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилди ҳамда қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйган 8 та масъул мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий жавобгарлик чораларини кўриш юзасидан ҳужжатлар тегишли тартибда суд органларига юборилди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+