Мадуро Венесуэладаги президентлик сайловида ғалаба қозонгани эълон қилинди
У мамлакатда 2013 йилдан бери ҳукмронлик қилади. АҚШ, Аргентина, Чили каби давлатлар сайловлар ҳаққонийлигини тан олишмаган.
Венесуэланинг амалдаги президенти Николас Мадуро мамлакатда 28 июл куни бўлиб ўтган президентлик сайловларида ғалаба қозонди, дея маълумот берди Миллий сайлов кенгаши раиси Элвис Аморосо.
"Сайлов бюллетенларининг 80 фоизини санаб чиқиш натижаларига кўра, Николас Мадуро 51,20 фоиз, Эдмундо Гонсалес Уррутиа 44,2 фоиз овоз тўплади", деди у миллий телевидениедаги брифингда.
Сайловчиларнинг 59 фоизи сиёсий тадбирда иштирок этди.
Аморосо маълумотлар узатиш тизимига қилинган хакерлик ҳужуми туфайли биринчи сайлов натижаларини эълон қилиш кечиктирилганини таъкидлади. Мамлакат прокуратураси хакерлик ҳужуми юзасидан тергов олиб бормоқда.
АҚШ, Аргентина, Чили каби давлатлар сайловлар ҳаққонийлигини тан олишмаган, Эрон, Россия ва Куба аллақачон Мадурони табриклашди. Коста-Рика ҳам Мадуронинг ғалабасини тан олмаслигини билдирди.
Эслатиб ўтамиз, Мадуро 2013 йилдан буён мамлакатни бошқариб келади.