Исроил Ливанга қарши кенг кўламни уруш очишни режалаштирмаяпти
27 июль куни Голан тепаликларига амалга оширилган ракета ҳужуми икки давлатни уруш ёқасига келтириб қўйганди.
Исроил Ливан билан кенг кўламли уруш бошлаш ниятида эмас.
Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняху мамлакатнинг юқори мартабали хавфсизлик амалдорлари билан маслаҳатлашди. Унга бир кун аввал, 27 июль куни Голан тепаликларига амалга оширилган ракета ҳужумига жавобан ҳаракат қилишнинг бир неча вариантлари тақдим этилган.
Исроил армияси маълумотларига кўра, Голан тепаликларида 12 киши ҳалок бўлган. Исроил "Ҳизбуллоҳ" ҳужумларини Эрон ракеталари ёрдамида амалга оширганини даъво қилди.
Ҳаракатнинг ўзи ҳужумларга алоқадорлигини рад этди.
Ynet порталининг Исроил расмийларига таяниб хабар беришича, Ливанга қарши жавоб зарбаси чекланган бўлади. Жавоб "қаттиқ" бўлади, аммо тўлиқ миқёсли урушга олиб келмайди, деди манба. Бироқ, нашр суҳбатдошига кўра, "Ҳизбуллоҳ"нинг Исроилнинг бундай ҳаракатига муносабати одатдагидан кескинроқ бўлиши мумкин.
Ливаннинг LBSI телеканали манбасига кўра, Исроил раҳбарияти аллақачон Ливанга қарши жавоб қайтаришга қарор қилган. "Ҳозирда унинг ҳажми ва жойлашувини чеклаш бўйича ишлар олиб борилмоқда", деди LBSI манбаси.
28 июль куни Шимолий Голан тепаликларидаги Маждал Шамс шаҳридаги футбол майдонига уюштирилган ҳужум муносабати билан Исроил Ливандан БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 1701-резолюциясини бажаришни ва Литани дарёси жанубидан "Ҳизбуллоҳ" кучларининг олиб чиқилишини таъминлашни талаб қилди. Ливан ҳукумати Маждал Шамсга қилинган ҳужумни қоралади. "Ҳизбуллоҳ" вакиллари аввалроқ Исроилнинг ракетага қарши мудофаа тизими отган ўқ футбол майдонига тушганини билдирган эди.