Россиянинг Қозоғистонга яқин ҳудудида тўғон ёрилиб кетди
Челябинскда ёғингарчилик ва Киолим сув омборига сув оқимининг кўпайиши туфайли тўғоннинг 100 метр қисми ювилиб кетган.
Россиянинг Қозоғистон билан чегарадош ҳудудида одамлар эвакуация қилинмоқда. Бунга сув тўғони ёрилиши сабаб бўлган.
Россиянинг Челябинск вилоятида кучли ёғингарчилик оқибатида сув тўғони ёрилди, қутқарувчилар Киолим, Мухаметово, Байдашево ва Карасево қишлоқлари аҳолисини эвакуация қилмоқда, деб хабар беради Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги.
Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотларига кўра, Қорабош шаҳар туманида ёғингарчилик ва Киолим сув омборига сув оқимининг кўпайиши туфайли тўғоннинг қирғоқ қисмининг 100 метр қисми ювилиб кетган, 163 нафар аҳоли эвакуация қилинган.
Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг қўшимча қилишича, Челябинскнинг Киолим қишлоғида сув сатҳи пасаймоқда, барча аҳоли эвакуация қилинган.
"Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг қутқарувчилари воқеа жойида фавқулодда вазиятни тиклаш ва бошқа шошилинч ишларни давом эттирмоқда.
Оқибатларни бартараф этиш учун жами 170 дан ортиқ мутахассис ва 60 та техника жалб қилинди", — дейилади вазирлик хабарида.