Энг кўп маош оладиганлар европалик раҳбарлар эълон қилинди
Венгрия бош вазири Виктор Орбаннинг ойлик даромади оддий фуқароларникидан 9,5 баробар кўпроқ.
Германия канцлери Олаф Шолц ЕИга аъзо давлатлар раҳбарлари орасида энг юқори маош олади, унинг даромади ойига қарийб 29 минг еврони ташкил этади, деб хабар бермоқда VSquare портали.
"Энг юқори маош Германия канцлери Олаф Шолцникидир, у йилига 348 300 евро ёки ойига тахминан 29 минг евро олади", — дейилади порталда.
Мутлақ иш ҳақи бўйича иккинчи ўринда Австрия канцлери Карл Нехаммер, учинчи ўринда Люксембург бош вазири Люк Фриден туради.
Портал маълумотларига кўра, Шолц ўртача Германия фуқаросидан 5,9 баробар кўп маош олади.
Бундан ташқари, таъкидланишича, Европа Иттифоқига аъзо давлатлар орасида ўз мамлакатидаги ўртача иш ҳақига нисбатан энг юқори маошни Венгрия Бош вазири Виктор Орбан олади, бу кўрсаткич бўйича иккинчи ва учинчи ўринларда Словакия Бош вазири Роберт Фицо ва Чехия Бош вазири Петр Фиала турибди.
Орбаннинг ойлик даромади 16 минг еврони ташкил этади, бу ўртача венгрияликнинг маошидан 9,5 баробар кўпдир.