Атлантика океанида Air Georgia кемаси чўкиб кетди
Кемада 27 нафар экипаж аъзоси бўлган, 6-8 киши ҳалок бўлгани айтилмоқда.
Атлантика океани жанубида 27 нафар экипаж аъзоси бўлган Air Georgia балиқчи кемаси чўкиб кетди, деб ёзади The Guardian.
Кема Муқаддас Елена байроғи остида ҳаракатланган. 21 июль куни у портни тарк этди ва эртаси куни фавқулодда сигнал юборди. Air Georgia ўшанда Фолкленд оролларининг пойтахти Стенлидан 200 денгиз мили (тахминан 370 км) шарқда жойлашган эди.
14 киши патруль кемаси томонидан қутқарилган, 7 киши бедарак йўқолганлар рўйхатида. Турли манбаларга кўра, олтидан саккиз кишигача ҳалок бўлган.
Accosiated Press агентлигининг аниқлик киритишича, бедарак йўқолганларни қутқариш учун бир нечта кема ва вертолёт олиб келинган, бироқ бўрон ва кучли шамол туфайли қидирув ишлари тўхтатилган. Кейинчалик улар қайта ўтказила бошланди.
Кема бортида ўн нафар испан, беш нафар индонезиялик, икки уругвайлик ва икки нафар перулик, шунингдек россияликлар ҳам бўлган.
Ҳалок бўлганларнинг шахси ҳали аниқланмаган.