Қирғизистон президенти давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келади
Тошкентда икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилиниши кўзда тутилмоқда.
Қирғизистон президенти Садир Жапаров давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келади.
Қирғизистон президенти Садир Жапаров Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан 18-19 июль кунлари давлат ташрифи билан мамлакатда бўлади.
Бу ҳақда Қирғизистон президенти Администрацияси ташқи сиёсат бўлими бошлиғи Муратбек Азймбакиев маълум қилди.
"Ташриф доирасида Президент Садир Жапаров Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан икки томонлама музокаралар ўтказади.
Томонлар ўзаро манфаатли барча соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалаларини, шунингдек, Қирғизистон-Ўзбекистон муносабатларини ривожлантириш истиқболларини муҳокама қиладилар.
Ташриф доирасида давлат раҳбари Қирғизистон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги маданият кунларининг расмий очилиш маросимида иштирок этади. Шунингдек, Қирғизистон ва Ўзбекистон давлат раҳбарлари иштирокида амалга оширилаётган икки томонлама лойиҳаларнинг онлайн очилиш маросими бўлиб ўтади.
Бундан ташқари, ташрифга бағишланган Қирғизистон-Ўзбекистон бизнес-форуми, Қирғизистон ва Ўзбекистон олий таълим муассасалари ректорлари форуми каби бир қатор тадбирлар ўтказилади", - дея маълумот берган Муратбек Азимбакиев.