Эрдўғон Туркия ШҲТга аъзо бўлишини айтди
Лекин у ташкилотга кириш муддатларини айтмаган.
Туркия Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) тўлақонли аъзо бўлиш ниятида. Бу ҳақда мамлакат президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон баёнот берди.
У ШҲТга аъзо бўлиш муддатини очиқламаган.
"Ҳозирда ШҲТда кузатувчи мақомига эга бўлган Туркиянинг мақсади ташкилотга тўлиқ аъзо бўлишдир. Энди у Шанхай бешлигига қўшилиши керак", — деди жаноб Эрдўғон НАТОнинг Вашингтондаги саммити якунлари бўйича матбуот анжуманида.
Туркия президенти 3-4 июль кунлари Остонада бўлиб ўтган ШҲТ саммитида иштирок этди. Тадбир доирасида у Россия президенти Владимир Путин билан учрашди ва уни Туркияга таклиф қилди. Саммитдан сўнг Ражаб Тоййиб Эрдўғон ШҲТ доирасида Россия ва Хитой билан муносабатларни ривожлантириш ниятида эканлигини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, ШҲТнинг Остонадаги сўнгги саммитида Беларус аъзоликка қабул қилинганди.