"Бухоро ҳудудий электр тармоқлари"га қарши иш қўзғатилди
Мазкур иш "Баҳоуддин Нақшбанд” ёдгорлик мажмуаси мурожаатидан сўнг очилган.
Рақобат ққўмитаси "Бухоро ҳудудий электр тармоқлари" корхонасига қарши иш қўзғатди.
"Баҳоуддин Нақшбанд” ёдгорлик мажмуаси маркази томонидан Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг Бухоро вилояти ҳудудий бошқармасига мурожаат келиб тушган.
Мурожаатда электр тармоқлари амалда белгиланган тарифга нисбатан қўшимча тўлов ҳисоблаётганлиги баён этилган. Мажмуа қўмитадан ушбу масалада амалий ёрдам сўралган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 22 августдаги 364-сонли қарори 3-банди (Вазирлар Маҳкамасининг 10.09.2003 йилдаги 525-ф-сонли Фармойиши 1-банди)да Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги диний ташкилотлар 2003 йил 1 сентябрдан бошлаб уларга кўрсатиладиган коммунал хизматларга тўловларни аҳоли учун белгиланган тарифлар бўйича тўлаши кўрсатилган.
Ўрганишлар жараёнида, “Бухоро ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” AЖ томонидан “Баҳоуддин Нақшбанд” ёдгорлик мажмуаси марказига етказиб берилган электр энергия учун юритилган ҳисоб-китобларда юқоридаги қарор талабларига риоя қилмаган ҳолда амалда белгиланган тарифларни ошириб қўллаш натижасида мажмуага нисбатан 115,0 млн сўмлик қўшимча тўлов ҳисобланганлиги аниқланган.
Бошқарма махсус комиссияси томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда “Ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” AЖнинг “Бухоро ҳудудий электр тармоқлари” AЖга нисбатан белгиланган тартибда иш қўзғатилди.