platina.uz

ДХХ пойтахтда банкдан пул ўмармоқчи бўлган кибержиноятчиларни қўлга олди

Банк собиқ ходими ҳозирда мутахассис лавозимида ишловчи танишидан банкнинг дастурий таъминоти ва ҳисоб рақамларига кириш имкониятини берувчи кодларни сотиб олган. 

Жамият
10 июль, 11:02
ДХХ пойтахтда банкдан пул ўмармоқчи бўлган кибержиноятчиларни қўлга олди

ДХХ Тошкентда банкдан пул ўғирламоқчи бўлган кибержиноятчиларни ушлади.

Хизматнинг Тошкент шаҳар бўйича Бошқармаси ходимлари томонидан шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси билан ҳамкорликда тезкор-қидирув тадбирлари ўтказган. Унда банк ҳисоб рақамлари ҳамда банк иловасига уланган фуқароларнинг пластик карталарида сақланаётган пул маблағларини хакерлик ҳужуми орқали ноқонуний ўзлаштиришга уринган шахсларнинг қилмишлари фош этилди.

Хусусан, Тошкент шаҳридаги банклардан бирининг собиқ ходими ҳозирги кунда мазкур банкда мутахассис лавозимида ишловчи танишидан банкнинг дастурий таъминоти ва ҳисоб рақамларига кириш имкониятини берувчи кодларни 6500 АҚШ доллари эвазига сотиб олади.

Сўнгра, у Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида яшовчи, 1973 й.т., муқаддам фирибгарлик билан боғлиқ жиноятлари учун 3 маротаба судланган шахс ҳамда Тошкент вилоятининг Қибрай туманида истиқомат қилувчи, 1989 й.т. фуқаро билан ўзаро тил бириктириб, дастлаб банк ҳисоб рақамларида ҳамда банк иловасига уланган фуқароларнинг пластик карталарида сақланаётган жами 370 млрд. сўм маблағни хакер жалб қилган ҳолда ўғирлашни, кейин эса оффшор ҳудудлар орқали чет элдаги танишларига тегишли ҳисоб рақамларга ўтказишни режа қилишади.

Қонунбузарлар 189 млрд. сўмни чет эл валютасига конвертация қилишга ва оффшор ҳудудлар орқали хориждаги ҳисоб рақамига ўтказишга уринган вақтларида жиноят устида қўлга олинди.

Терговга қадар текширув давомида аниқланишича, улар гўёки банкнинг дастурий таъминотига чет элдан хакерлик ҳужуми бўлганлиги тўғрисида ёлғон маълумот тарқатишни режалаштиришган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 25,169-моддаси 4-қисми “а” банди (ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+