“Умра” тадбирларини ташкил этишда ҳуқуқбузарлик содир этганларга 68 млн. сўм жарима солинади
Дин ишлари бўйича қўмита зиёратни ташкил этишда лицензияловчи ваколатли орган сифатида белгиланди.
“Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш лицензияланадиган фаолиятнинг алоҳида тури сифатида белгиланди. Ушбу соҳада ҳуқуқбузарлик содир этганлар жаримага тортилади.
Президент томонидан имзоланган Қонун (ЎРҚ-935-сон, 02.07.2024 й.) билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди
“Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгартириш ва қўшимчага кўра, “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича хизматлар кўрсатишга доир фаолият лицензияланадиган фаолиятнинг алоҳида тури сифатида белгиланди.
Бунда, Дин ишлари бўйича қўмита мазкур соҳадаги лицензияловчи ваколатли орган сифатида белгиланди.
Шунингдек, “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича фаолият учун лицензия олиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун юридик шахсларга солинадиган жарималар миқдорлари БҲМнинг 200 баравари (68 млн сўм) этиб белгиланди.
Бундан ташқари “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгартиришга кўра, Дин ишлари бўйича қўмита томонидан "Умра" тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича фаолиятини лицензиялаганлик учун тўланадиган давлат божи БҲМнинг 10 баравари (3млн 400 минг сўм) этиб белгиланди.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 3 ой ўтгач кучга киради.