Йўллардаги рухсатномасиз қурилиш ва таъмирлаш ишлари ҳақида хабар берганларга мукофот берилади
2024 йил 1 сентябрдан йўллар ва йўл инфратузилмаси бўйича бир қатор янги тартиблар жорий этилади.
Йўллардаги ноқонуний қурилиш ва таъмирлаш ишлари бўйича хабар берган мукофотланади.
“Йўллар ва йўл инфратузилмасининг яхши ҳолатда сақланишини таъминлаш ҳамда ҳудудларни ободонлаштириш бўйича амалдаги механизмларни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Қарори (ПҚ-241-сон, 01.07.2024 й.) қабул қилинди.
Қарорга кўра, 2024 йил 1 сентябрдан қуйидаги тартиблар жорий этилади:
-жисмоний шахслар ва мулкчилик шаклидан қатъи назар ҳар қандай юридик шахс томонидан йўллар, тротуарлар ва бошқа йўл инфратузилмаси объектларида қурилиш ишларини олиб бориш, йўл объектини ҳар қандай кўринишда таъмирлаш, бузиш, қазиш, ўзгартириш ёки реконструкция қилиш фақатгина тегишли рухсатнома олингандан сўнг амалга оширилади;
-рухсатномани расмийлаштириш ва бериш бўйича давлат хизматлари давлат хизматлари марказлари ҳамда ЯИДХП (my.gov.uz) орқали 5 кун муддатда кўрсатилади;
-рухсатнома йўл объектини балансида сақловчи вилоят ёки туман (шаҳар) ҳокимликлари ёхуд бошқа ташкилотлар томонидан, коммуникация тармоқларидаги авария билан боғлиқ ёки бошқа кечиктириб бўлмайдиган ҳолатларда эса туман (шаҳар) ҳокимлиги томонидан берилади;
-рухсатномада йўл объектида қурилиш ва таъмирлаш ишларини амалга ошириш ҳуқуқи берилган шахс, қурилиш ва таъмирлаш ишларини амалга оширишнинг мақсади ва муддати, рухсатноманинг ҳақиқийлигини текшириш имконини берувчи QR-код, шунингдек, ушбу муддат ичида йўл объектининг аввалги ҳолатини тикламаслик тегишли маъмурий ва фуқаровий жавобгарликка сабаб бўлиши ҳақида огоҳлантириш кўрсатилади;
- йўл объектида қурилиш ва таъмирлаш ишларини амалга ошириш вақтида рухсатнома ҳамма учун кўринадиган жойга илиб қўйилиши ёки ҳар қандай шахснинг биринчи талабига кўра тақдим этилиши шарт ҳисобланади;
-рухсатнома олмасдан туриб йўл объектида қурилиш ва таъмирлаш ишларини амалга ошириш, қурилиш ва таъмирлаш ишлари майдонида белгиланган тартибда рухсатномани илиб қўймаслик ёки тақдим этмаслик, қурилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилаётган жойда хавфсизлик чораларини кўрмаслик, шунингдек, қурилиш ва таъмирлаш ишлари якунлангандан сўнг йўл объектининг аввалги ҳолатини тиклаш бўйича мажбуриятни бажармаслик қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.
Қарорга кўра, рухсатнома олмасдан йўл объектида қурилиш ва таъмирлаш ишларини амалга оширганлик ёки йўл объектининг аввалги ҳолатини тиклаш бўйича мажбуриятни бажармаслик ҳолати бўйича ҳуқуқбузарлик аниқланишига фаол ёрдам берган шахсларга ундирилган жариманинг 50 фоизи миқдорида мукофот пули берилади.
Ҳудудлар қиёфасини яхшилаш мақсадида эксперимент тариқасида 2024 йил 1 сентябрдан 2025 йил 1 сентябргача жойлардаги ҳокимлар белгилаб берадиган муайян ҳудудда қуйидагиларни назарда тутувчи чора-тадбирлар амалга оширилади:
-фуқаролар ва юридик шахсларнинг уларга тегишли бино ва иншоотга туташ ҳудудларни ободонлаштириш борасидаги масъулияти ОАВ, ижтимоий тармоқлар орқали ҳар бир маҳаллада маҳалла раислари томонидан тушунтирилишини ташкил қилиш;
-кўп қаватли уйлар ҳовлиси ва атрофи, йўл ҳамда кўча четларининг ободонлаштирилган намунавий кўринишини тасдиқлаш;
- йўл ва кўча четларидаги бўш ерларни кўкаламзорлаштириш бўйича дастур тасдиқлаш.