Президент мактабларига кириш имтиҳонлари 7 июлдан бошланади
Муҳаммад ал-Хоразмий, Мирзо Улуғбек ҳамда Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактаблари учун кириш имтиҳонлари вақти ҳам аниқ бўлди.
Президент мактабларининг кириш имтиҳонлари биринчи босқичи 7 июль куни бошланади. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги хабар берди.
Имтиҳон вақти ва манзили ҳақидаги маълумот талабгор томонидан ariza.piima.uz сайтига киритилган телефон рақамларига смс-хабарнома орқали маълум қилинади.
Президент мактабларига кириш имтиҳонлари биринчи босқичи Математика фанидан 30 та топшириқ (тест шаклида) ўтказилади.
Талабгорларга топшириқларни бажариш учун 60 дақиқа вақт берилади.
Жорий йилнинг 8-, 9-, 10 июль куни Муҳаммад ал-Хоразмий, Мирзо Улуғбек ҳамда Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактаблари учун кириш имтиҳонлари ўтказилади.
Бу йил ҳар йилгидан фарқли равишда ҳудудлардан ҳужжат топширган талабгорлар учун кириш имтиҳонлари ўз ҳудудларида – Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида бўлиб ўтади. Яъни ҳудудлардан мазкур мактабларга ҳужжат топширган ўқувчиларнинг имтиҳонда қатнашиши учун Тошкент шаҳрига келишлари талаб этилмайди.
Тошкент шаҳридаги Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактаби ҳамда мазкур мактабнинг Нукус шаҳри, Андижон ва Самарқанд вилоятларидаги филиаллари учун кириш имтиҳони бир вақтда бўлиб ўтади.
Талабгорларга топшириқларни бажариш учун 90 дақиқа вақт берилади.