Марказий банкка киберхавфсизлик бўйича янги ваколатлар берилмоқда
Сенат маъқуллаган қонун кибержиноятлар ошиб бораётгани фонида ишлаб чиқилган.
Марказий банкка киберхавфсизликни таъминлаш бўйича қўшимча ваколатлар берилади.
Парламент юқори палатасида кўриб чиқилган янги қонунга мувофиқ, миллий қонунчиликка тегишли ўзгартиришлар киритилади.
Сенатда кўриб чиқилган “Киберхавфсизликни таъминлаш соҳасидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун миллий молиявий тизимга замонавий таҳдидларни инобатга олган ҳолда тайёрланган.
Сенаторлар таъкидлашганидек, ахборот-коммуникация технологиялари ривожланиши муносабати билан кредит ташкилотлари ва нобанк кредит ташкилотлари фаолиятида ахборот хавфсизлигини ва киберхавфсизликни таъминлашга доир чоралар даражасини ошириш зарурати юзага келмоқда.
Мазкур Қонунга мувофиқ, асосан кредит ва тўлов ташкилотлари, тўлов тизимлари операторлари, валюта биржалари, кредит бюролари томонидан хавфсизлик ва киберхавфсизлик таҳдидларни аниқлаш ҳамда уларнинг олдини олиш чораларини кўриш бўйича Марказий банкка қўшимча ваколатлар берилиши кўзда тутилган.
Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга, “Марказий банки тўғрисида”ги, “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги, “Банк сири тўғрисида”ги, “Автоматлаштирилган банк тизимида ахборотни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги, “Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида”ги ва “Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаштириш фаолияти тўғрисида”ги қонунларга киберхавфсизликни таъминлашга оид меъёрлар киритилмоқда.
Қонун билан банк ахборот тизимларида ахборот хавфсизлигини ва киберхавфсизликни таъминлаш бўйича қонунчилик талабларининг бузилганлиги ҳолати қўпол қоидабузарликлар қаторига киритилиши кўзда тутилган.
Шу билан бир қаторда, “Киберхавфсизликни таъминлаш соҳасидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунда банкларнинг ахборот тизимлари ва ресурсларининг ахборот хавфсизлигини ҳамда киберхавфсизлигини таъминлаш ва банк сирини муҳофаза қилиш каби қўшимча мақсадлар ҳам ўз аксини топган.
Сенат аъзолари қайд этишганидек, мазкур Қонуннинг қабул қилиниши кредит ва нобанк кредит ташкилотлари фаолиятида ҳамда электрон ҳукумат тизимида ахборот хавфсизлигини кучайтиришга, ахборот-коммуникация технологиялари ёрдамида содир этиладиган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Сенатдаги муҳокамалар Қонуннинг маъқулланиши билан якунланди.