platina.uz

Суд бошқарувчиси пора билан ушланди

ДХХ Бухоро, Самарқанд ва Жиззах вилоятларида тезкор тадбирлар ўтказди. 

Жамият
22 июнь, 11:29
Суд бошқарувчиси пора билан ушланди

Ўзбекистон суд бошқарувчилари ассоциациясининг Бухоро вилояти бўлими суд бошқарувчиси Ғиждувон туманлараро иқтисодий судининг ҳал қилув қарори билан, Шофиркон туманидаги бино-иншоотларни қуриш ва таъмирлашга ихтисослашган масъулияти чекланган жамиятни тугатишга масъул этиб тайинланган.

У мансаб мавқеини суиистеъмол қилган ҳолда МЧЖ раҳбарини ишончига кириб, алдов йўли билан, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан қайта текширув ўтказилмаслиги ҳамда давлат реестридан чиқаришда суд ва солиқ идораларидаги мансабдор танишлари орқали ёрдам бериш эвазига 1000 АҚШ доллари талаб қилган. Сўнг 200 АҚШ доллари олган.

Суд бошқарувчиси қолган 800 АҚШ долларини олган вақтида ДХХ ва прокуратура органлари ходимлари томонидан ушланди.

Бухоро шаҳрида жойлашган Геодезия ва топо хариталар тузиш билан шуғулланувчи МЧЖ раҳбари маҳаллий қурилиш фирмасига қарашли ер майдонида кўп қаватли уй қуриш учун архитектура-режалаштириш топшириғини ваколатли танишлари орқали тайёрлатиб бериш эвазига 25 минг АҚШ доллари талаб қилган. У олдиндан 12500 АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, ундан архитектура-режалаштириш топшириғини тайёрлаб бериш эвазига 5000 АҚШ доллари олган вақтида вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармасида бўлим бошлиғи лавозимида ишловчи мансабдор таниши ҳам ушланди.

Суд бошқарувчилари ассоциациясининг Самарқанд вилояти бўлими суд бошқарувчиси Самарқанд шаҳар иқтисодий судининг ҳал қилув қарори билан тумандаги хўжалик моллари савдоси билан шуғулланувчи оилавий корхонани тугатиш бошқарувчиси этиб тайинланади.

У корхона фаолиятини текшириш давомида, амалдаги қонун ҳужжатлари талабларини бузган ҳолда 1 млрд. 916 млн. сўм пул маблағи бошқа шахсларга молиявий ёрдам сифатида ўтказиб юборилганлиги ҳолатини аниқлайди ва ушбу пул маблағи қайтарилмасдан корхонани банкрот деб эьлон қилиш масаласини ижобий ҳал қилиб бериш эвазига 1200 АҚШ доллари талаб қилади.

ДХХ томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва ички ишлар органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, суд бошқарувчиси сўралган пул маблағини олган вақтида ушланди.

Жиззах шаҳрида фаолият юритувчи адвокатлик бюроси раҳбари эса ўзининг ҳимоясида бўлган судланувчининг қариндошларидан муқаддам шартнома асосида 5 млн. сўм, шунингдек, шартномасиз 4900 АҚШ доллари олган. Адвокат озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланишида гўёки ҳуқуқ-тартибот идораларидаги танишларига пул берганлигини айтиб, яна 3 минг АҚШ доллари олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ушланди.

Ҳозирда мазкур шахларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+