Москвада юзлаб кишилар овқатдан заҳарланди
Ҳозирда 33 киши реанимацияда. Тергов қўмитаси мазкур иш юзасидан уч киши қўлга олинганини маълум қилди.
Москвада 120 дан ортиқ киши овқатдан заҳарланди.
Ушбу оммавий заҳарланиш иши бўйича "Кухня на районе" компанияси директори Антон Лозин ва Москва вилоятидаги овқат тайёрлаш ва етказиб бериш компанияси бош директори ҳамда сифат бўлими бошлиғи қўлга олинди.
Бу ҳақда 18 июнда Россия Федерацияси Тергов қўмитасининг телеграм каналида маълум қилинди.
Тергов жараёнида яна бир жиноий иш очилди. Корхонанинг бир неча ходимлари – Ўзбекистон фуқаролари, ўз яшаш жойида ноқонуний яшаётгани аниқланди.
14 июндан бери Москвада 121 киши ботулизм аломатлари билан касалхонага ётқизилган. Ҳозирда жабрланганларнинг 55 нафари оғир аҳволда, 33 нафари реанимацияда.
Заҳарланиш ҳолатлари Нижний Новгород ва Қозонда ҳам аниқланган. Роспотребнадзор маълумотларига кўра, барча беморлар "Кухня на районе" овқат етказиб бериш хизматидан лобио ва "Гастропорт" фудмолида тунес, ловия ва олмали салат буюртма қилган.
"Кухня на районе" текширув ишлари мақсадида ҳозирда ўз фаолиятини тўхтатган. Унинг Москвадаги омборлари ва ошхоналарида тинтувлар ўтказилди. Терговчилар бир қатор санитария-эпидемиология меъёрларининг бузилишини аниқладилар ва Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 238-моддаси - "хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва сотиш, хизматлар кўрсатиш" бўйича жиноий иш қўзғатдилар. Улар ушбу иш ортидан икки йилгача қамоқ жазосига тортилиши мумкин.