Франция президенти парламентни тарқатиб юборди

Мамлакатда Европарламентга сайловларда ўнг партиялар муваффақият қозонди, амалдаги ҳукумат партияси яхши натижа қайд эта олмади. 

Жаҳон
10 июнь, 9:53
Франция президенти парламентни тарқатиб юборди

Франция президенти Эммануэл Макрон Европарламентга сайловлар якунлари бўйича мамлакат парламенти, яъни Миллий ассамблеяни тарқатиб юборди ва муддатидан олдин парламент сайловлари ўтказилишини эълон қилди. 

Улар 30 июн ва 7 июлга белгиланган. 9 июнь куни Франция ва Европанинг бошқа давлатларида Европарламентга сайловлар бўлиб ўтди - унда миграцияга қарши ва миллатчилик кайфиятидаги "Миллий фронт"нинг ёш раиси Жордан Барделла етакчилик қилмоқда. Франция президенти охирги марта парламент қуйи палатасини 1997 йилда тарқатиб юборган эди.

Ушбу сайловда ўнг қанот ғалабасидан сўнг Эммануэл Макрон шундай деди: "Бу куннинг охирида мен ҳеч нарса бўлмагандек кўрсата олмайман. Бу ҳолатга сўнгги йилларда мамлакатимизда жамоатчилик ва парламент муҳокамаларини қамраб олган иситма ҳам қўшилди".

Бундан олдин Жордан Барделла президентни Франция парламентига муддатидан олдин сайловлар ташкил этишга чақирганди. "Биз ундан ушбу янги сиёсий воқеликни тан олишини... ва янги парламент сайловларини ташкил этишини тантанали равишда сўраймиз", деди Барделла Европа парламентига сайловларнинг дастлабки натижалари эълон қилинганидан кейин ўз партияси тарафдорлари билан суҳбатда.

Францияда сайловчиларнинг 52,5 фоизи сайловда қатнашди. Европа сайловларида бундай юқори даражадаги иштирок мамлакатда 1994 йилдан бери кузатилмаган. Натижаларнинг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, Жордан Барделла бошчилигидаги жамоа унинг ҳукмрон коалициядаги энг яқин рақибларидан камида икки баробар кучли. 

Европарламентга сайловлар дастлабки натижалар қуйидагича: "Миллий ралли" (Жордан Барделла) – 32,4% (парламентдаги 31 ўрин); президент партияси "Уйғониш" (Валери Иер) - 15,2% (14 ўрин); Социалистик партия (Рафаэл Глюксман) — 14,3% (13 ўрин).

Шундай қилиб, ўнг ва экстремал ўнглар Европарламентда 40 дан ортиқ, чап ва ўта чаплар 26 та, ҳукумат коалициясида эса атиги 14 ўрин бор.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+