platina.uz

Президент Яшнободдаги маҳалла шароитлари билан танишди

Шунингдек, Яккасаройда янги сув спорти ҳавзаси очилди. Мажмуа бир вақтнинг ўзида 100 кишига хизмат қила олади.  

Жамият
8 июнь, 7:13
Президент Яшнободдаги маҳалла шароитлари билан танишди

Президент Шавкат Мирзиёев пойтахтимизнинг Яккасарой туманида бунёд этилган сув спорти саройини кўздан кечирди ва Яшнободдаги маҳаллада бўлди.

Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясига қарашли мазкур мажмуа сув спорти ривожланган мамлакатлар тажрибаси асосида қурилган. Эътиборлиси, бу ерда ҳам профессионал спортчилар, ҳам ҳаваскорлар учун шароит яратилган.

50 метрли бассейн ва 500 ўринли томошагоҳга эга катта залда халқаро миқёсдаги мусобақалар, терма жамоамизнинг ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиш учун замонавий шароитлар бор. Баландликдан сакраш ва кичик ҳавзаларда болалар сув спортини ўрганади.

Мажмуада ёшлар, меҳнат жамоалари ва фахрийлар саломатликларини мустаҳкамлаши мумкин. У бир вақтнинг ўзида 100 нафар, бир кунда мингдан зиёд аҳолига хизмат кўрсатиш қувватига эга.

Иккинчи қаватда маъмурият ва мураббийлар хонаси, конференция зали, тренажёр хонаси ҳамда спорт шарҳловчилари учун махсус хоналар жойлашган.

Мажмуа негизида Сув спорти мактаби ташкил этилган. Давлатимиз раҳбари бу ерда ёш спортчиларнинг машғулотларини кузатди. Уларнинг интилишларини қўллаб-қувватлаб, улкан ютуқларга руҳлантирди.

Бу йил Париж шаҳрида ўтказиладиган ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси тизимидан 13 нафар спортчи лицензия қўлга киритган. Президентимиз мазкур спортчилар ва мураббийлар билан суҳбатлашди.

- Шаҳару қишлоқларда спорт мажмуалари қуриб, уни оммалаштиришга катта эътибор бераямиз. Чунки спорт билан шуғулланган ёшлар кам бўлмайди, соғлом бўлади, болалариниям шундай тарбиялайди. Сиздек профессионал спортчилар бу йўлда ёшларга ҳам ифтихор, ҳам ўрнак бўлади, - деди Шавкат Мирзиёев.

Президент бундан ташқари пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги Дилбоғ маҳалласида бўлиб, аҳоли турмуш шароити билан яқиндан танишди.

Маҳаллада 5 минг 200 нафардан ортиқ аҳоли яшайди. 26 та кўп қаватли уй, мактаб ва боғчалар, савдо шохобчалари атрофи обод қилинган.

Дилбоғликлар асосан тадбиркорлик ва ҳунармандлик билан шуғулланади. 15 та савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаси, битта ишлаб чиқариш корхонаси, таълим муассасаларида аҳоли доимий иш билан банд.

Ўтган йили аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш учун 13 та лойиҳага кредит ажратилган. 300 га яқин фуқаро янги ишга жойлаштирилган. Ёшларни касбга ўргатиш учун мономарказ ташкил этилган.

Давлат раҳбари маҳалладаги қурилиш ва ободонлаштириш ишларини кўздан кечирди.

Ўзбекистон Футбол ассоциацияси ҳузуридаги Тошкент шаҳар футбол академияси шу маҳаллада жойлашган.

Замонавий мажмуада ёпиқ ва очиқ спорт майдонлари, назарий машғулот хоналари, ётоқхона, ошхона ва кутубхона мавжуд. Ҳозир бу ерда 12 ёшдан 18 ёшгача бўлган 154 нафар бола сабоқ олмоқда. Машғулотларга чет эллик мутахассислар ҳам жалб қилинган. Стадионлар ёритиш ва тасвирга олиш қурилмалари билан жиҳозланган.

Президент академия тарбияланувчилари ва спорт соҳаси масъуллари билан суҳбатлашди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+