platina.uz
Иқтисод

Марказий банк тарихда илк бор захираларни қимматли қоғозга ўтказа бошлади

Ҳозиргача давлат регулятори олтин-валюта захираларининг 80 фоизини олтинда ва қолганини валютада сақлаб келаётган эди.

Марказий банк тарихда илк бор захираларни қимматли қоғозга ўтказа бошлади
Фото: "Platina.uz"

Марказий банк тарихда илк марта ўз захираларини диверсификация қилиш мақсадида қимматли қоғозларга бирламчи инвестиция киритишни бошлади ва ҳамда тегишли портфеллар шакллантирилди.

Шу тариқа Марказий банк захираларнинг бир қисмини қимматли қоғозларга ўтказа бошлади. Ҳозиргача давлат регулятори олтин-валюта захираларининг 80 фоизини олтинда ва қолганини валютада сақлаб келаётган эди.

Таъкидлаш керак, олтин-валюта захираларининг таркибида олтин улушини камайтириш масаласи ҳақида 2019 йилдан бери гапириб келинади. Марказий банк раиси 2 йил аввал олтин-валюта захираларини бошқариш стратегиясини ўзгартириш бошланганини маълум қилган эди.

Лекин олтиннинг бир қисми ўрнига қимматли қоғозлар сотиб олиш режаси амалга оширилмай келинаётган эди. Олтин котировкаларининг узлуксиз ўсиши фонида 2022 йилнинг охирига келиб олтин улушини камайтириш ўрнига бондлар сотиб олиш режаларидан воз кечилгани эълон қилинган.

Бироқ сўнгги янгилик Марказий банк олтин ўзининг тарихий максимумларига етгани ва котировкалар энди пасайиб бориши мумкинлигини эътиборга ола бошлаганидан дарак беради.

Жорий йилнинг 27-31 май кунлари Ўзбекистонга келган Жаҳон банки Ғазначилиги экспертларининг техник кўмак миссияси фаолияти ҳам бунга таъсир кўрсатгани айтилмоқда.

Миссия давомида халқаро захираларни бошқаришда диверсификациянинг аҳамияти, жумладан, хорижий давлатлар қимматли қоғозларни захиралар таркибига киритиш, хатарларни баҳолаш ҳамда Марказий банкнинг тегишли таркибий бўлинмалари иш жараёнини самарали ташкил этиш бўйича махсус тренинглар ўтказилган.

Хусусан, қимматли қоғозларга инвестиция киритишда рискларни бошқариш, савдо ва ҳисоб-китоб амалиётларини ўтказиш, бухгалтерия ҳисоби ва комплаенс-назоратни амалга ошириш масалалари юзасидан малака оширилди.

Миссия якунида Жаҳон банки Ғазначилиги экспертларининг халқаро захираларни бошқариш ва тегишли таркибий бўлинмалар фаолиятини такомиллаштириш бўйича тавсиялари олинди ҳамда захиралар таркибига янги молиявий инструментларни киритишни давом эттириш ва Марказий банк ходимлари малакасини оширишга доир келгусида амалга ошириладиган ишлар юзасидан келишувга эришилди.

Телеграмда кузатиб боринг!

Тавсия этамиз

© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid