Суд собиқ терговчи иши бўйича прокуратура талабини рад этди
Чилонзор тумани ИИО ФМБ собиқ терговчиси дастлаб 2,5 йилга қамалиб, сўнгра реабилитация қилинган.
Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича тафтиш инстанциясида 2,5 йил муддатга қамалган ва сўнгра реабилитация қилинган терговчига оид иш кўриб чиқилди. Тафтиш инстацияси ажрими Platina.uz ихтиёрида мавжуд.
Маълум бўлишича, Чилонзор тумани ИИО ФМБ ТБнинг собиқ терговчиси ЖКнинг 25,168-моддаси 3-қисми “в” банди ва 28,211-моддаси 1-қисми билан айбли деб топилган. Унга ЖКнинг 45,59,61-моддалари тартибида, узил-кесил 3 йил муддатга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва адвокатура тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 2 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Собиқ терговчи ўзганинг мулкини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиш мақсадида 2022 йил 5 март куни фуқаро Н.Якубовадан 10.900.250 сўмлик 1000 АҚШ доллари миқдорида пулларни олган вақтида прокуратура ходимлари томонидан ушланган. У фуқаро Ш.Зайниддиновга нисбатан ЖКнинг 229-моддаси 1-қисми билан қўзғатилган жиноят иши бўйича етказилган моддий зарар тўлиқ қайтарилганлигидан хабар топиб, Н.Якубовага юқори раҳбарият орқали жиноят ишини қонун доирасида ижобий ҳал қилиш ва уни жиноий жавобгарликка тортмасликни ваъда қилиб, алдаган.
Судланувчи шунингдек, бошқа фуқародан жиноий иш доирасида зарарни қоплаш учун тўланган жами 1.000 АҚШ долларини қабул қилиб, Тошкент шаҳар ИИББ молия- хўжалик бўлимига топширмаган. У маблағни ўзи билан бирга ишлаб келган Чилонзор тумани ИИО ФМБ ТБ терговчиси Ф.И.Ога қарзга бериб юбориб, мансаб мавқеини суиистеъмол қилиб, 1.000 АҚШ долларини растрата йўли билан талон-торож қилган.
Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2023 йил 22 июндаги ҳукми билан судланувчи реабилитация қилинган.
Тошкент шаҳар прокурорининг ўринбосари З.Караев тафтиш тартибидаги протестда, апелляция суди томонидан иш ҳолатлари тўлиқ ўрганмасдан ишни бир томонлама кўриб чиққанлиги, ҳар бир жиноят учун жазо муқаррарлиги принципига риоя этилмай айбланувчи асоссиз равишда реабилитация қилинган деб ҳисоблаган. Прокурор Тошкент шаҳар суди апелляция инстанцияси ҳукмини бекор қилиб, жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судининг 2022 йил 26 октябрдаги ҳукмини ўзгаришсиз қолдиришни сўраган.
Суд иш бўйича тўпланган далиллар собиқ терговчини айбдор деб топиш учун етарли эмаслиги ва қўшимча далилларни тўплаш имконияти қолмаганлиги, шунингдек, айбланувчининг ҳаракатлари натижасида бирор-бир жиддий оқибат юз бермаганлиги сабабли прокурор протестини қаноатлантирмасдан қолдирди.