platina.uz

Эксклюзив ҳуқуқлари бекор бўлган компаниялар рўйхати эълон қилинди

Улар орасида “Ўзметкомбинат” АЖ, “Ўзтрейд” АЖ,  “UzGasTrade” АЖ ва бошқа корхоналар бор. 

Иқтисод
4 июнь, 9:42
Эксклюзив ҳуқуқлари бекор бўлган компаниялар рўйхати эълон қилинди

Шавкат Мирзиёев Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик йўлида айрим компанияларнинг эксзклюзив ҳуқуқларини чеклаш бўйича фармонни имзолади.

Фармонга кўра, қонунчилик билан тақдим этилган қуйидаги махсус (эксклюзив) ҳуқуқлар бекор қилинди:

а) 2025 йил 1 январдан бошлаб:

- “Ўзметкомбинат” АЖнинг республика ҳудудида қора металл ломи ва чиқиндиларини тайёрлаш (харид қилиш) ҳуқуқи;

- “Ўзиккиламчиранглиметалл” АЖнинг республика ҳудудида рангли металл ломи ва чиқиндиларини тайёрлаш ва экспорт қилиш ҳуқуқи;

- “Ўзтрейд” АЖнинг консигнация шартларида озиқ-овқат уни ва буғдойни, шунингдек, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, деҳқон ва фермер хўжаликлари маҳсулотларини банк кафолатлари ёки сиёсий ва тижорат хавфларидан экспорт шартномаларини суғурталаш полисларини тақдим этмасдан экспорт қилинадиган маҳсулотларни савдо уйлари манзилларига тушириш ҳуқуқи;

- “Ўзкимёимпекс” МЧЖнинг “Ўзкимёсаноат” АЖ ташкилотлари кимёвий маҳсулотлари экспорти ҳамда уларнинг ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун ускуналар, эҳтиёт қисмлар, бутловчи буюмлар, хомашё
ва материаллар импортини амалга оширишдаги ягона агент ҳуқуқи;

б) 2026 йил 1 июлдан бошлаб:

- “UzGasTrade” АЖнинг табиий газни ягона экспорт қилувчи ва импорт орқали ташқи манбалардан марказлашган тартибда харид қилиш бўйича ягона оператор сифатидаги ҳуқуқи;

- “Ўзэнергосотиш” АЖнинг электр энергиясининг экспорти ва импортини марказлашган тартибда амалга ошириш ҳуқуқи.

2025 йил 1 январдан бошлаб:

- қора ва рангли металл ломи ва чиқиндиларини тайёрлаш (харид қилиш), қайта ишлаш ва реализация қилиш, шунингдек, табиий газ ва электр энергиясининг улгуржи ва чакана савдо фаолиятларини лицензиялаш тартиби жорий этилади;

- мобиль ва (ёки) симли телекоммуникация тармоқларига эга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият юритадиган телекоммуникация операторларига тезкор-қидирув фаолияти, ахборот ва киберхавфсизлик тизимлари талабларига тўлиқ риоя қилган ҳолда синов тариқасида халқаро Интернет тармоқларига ўз тижорат эҳтиёжлари учун тўғридан-тўғри уланиш ҳуқуқи берилади.

Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳамда Энергетика вазирлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда 2024 йил 1 сентябрга қадар қора ва рангли металл ломи ва чиқиндиларини тайёрлаш (харид қилиш), қайта ишлаш ва реализация қилиш, шунингдек, табиий газ ва электр энергиясининг улгуржи ва чакана савдоси тартибини назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини Вазирлар Маҳкамасига киритиши белгиланди.

Рақамли технологиялар вазирлиги 2024 йил 1 октябрга қадар ахборот ва миллий хавфсизликнинг тўлиқ таъминланишини назарда тутган ҳолда телекоммуникация операторларининг синов тариқасида халқаро Интернет тармоқларига ўз тижорат эҳтиёжлари учун тўғридан-тўғри уланиши ва босқичма-босқич бошқа операторларга халқаро Интернет каналларини ташкил этиш бўйича хизматларни кўрсатиш тартибини тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритади.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+