Шавкат Мирзиёев қиймати 11 млн долларлик корхонани бориб кўрди
Ушбу корхона йилига қарийб 100 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга. Президент Урганчдаги Касблар шаҳарчасида ҳам бўлиб, бундай тажрибани бошқа ҳудудларда ҳам кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади.

Президент Шавкат Мирзиёев Урганч туманидаги “Тилло домор” корхонасининг янги ишлаб чиқариш мажмуасида сутни қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш жараёни билан танишди.
Мамлакатимизда чорвачиликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ва озиқ-овқат саноатида қўшилган қиймат занжирини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада замонавий технологияларни жорий этиш, маҳаллий хомашёни қайта ишлаш ва ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича кенг имкониятлар яратилган.
Хоразм вилояти сут етиштириш салоҳияти юқори ҳудудлардан бири. Мазкур имкониятдан самарали фойдаланиб, чорвачиликни ихтисослаштириш ва сутни саноат усулида қайта ишлашни кенгайтириш бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда.

“Тилло домор” корхонасининг умумий қиймати 11 миллион доллар бўлиб, йилига қарийб 100 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга. Корхона Болгариядан келтирилган замонавий технологик ускуналар билан жиҳозланган.
Бу ерда пишлоқ, қаймоқ, сметана, творог, қатиқ, кефир каби 70 дан ортиқ турдаги сут маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Хомашё ҳар куни 100 дан зиёд фермер хўжалиги ва аҳолидан харид қилинади. Бу, ўз навбатида, чорвачилик билан шуғулланаётган аҳоли учун барқарор сотув бозорини яратишга хизмат қилмоқда.
Корхонада 120 та иш ўрни яратилган. Ишлаб чиқариш мажмуасида 100 киловатт қувватга эга қуёш панеллари ҳам ўрнатилган. Келгусида яна 100 та янги иш ўрни ташкил этиш, маҳсулот турларини кўпайтириш режалаштирилган.
Бугунги кунда вилоятда 1 минг 200 га яқин қайта ишлаш корхонаси фаолият юритмоқда.
Президентимиз маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлаб, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш, бундай корхоналарни хомашё билан барқарор таъминлаш, маҳсулот турлари ва ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш муҳимлигини таъкидлади. Мутасаддиларга бу борадаги тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.
Президент Шавкат Мирзиёев Урганч шаҳридаги Хоразм илғор касбий маҳорат техникуми ҳамда унинг ҳудудида ташкил этилган Касблар шаҳарчаси фаолияти билан танишди.

Мамлакатимизда меҳнат бозори талабларига мос, замонавий билим ва амалий кўникмаларга эга ўрта бўғин мутахассисларини тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада касбий таълимни иш берувчилар эҳтиёжи билан уйғунлаштириш, илғор хорижий тажрибани жорий этиш ва дуал таълимни кенгайтириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Урганч шаҳрида ташкил этилган Хоразм илғор касбий маҳорат техникуми ана шу мақсадларга хизмат қилади. Муассасани барпо этиш учун давлат бюджетидан 72,4 миллиард сўм ажратилган. 5,2 гектар майдонда 1 минг 100 ўринга мўлжалланган иккита ўқув биноси, 300 ўринли ётоқхона, спорт зали, 200 ўринли ошхона ҳамда замонавий жиҳозланган иккита ўқув устахонаси қурилган.

Техникумда Германия, Швейцария, Буюк Британия, Хитой ва Жанубий Кореянинг илғор таълим дастурлари асосида ўқитиш йўлга қўйилган. Дуал таълим тизими назарий билимларни бевосита ишлаб чиқариш амалиёти билан боғлаш имконини беради.
2026–2027 ўқув йили учун 11 та касб йўналиши бўйича 200 нафар иқтидорли ёш имтиҳон асосида саралаб олинган. Таълим жараёни иш берувчилар билан ҳамкорликда ташкил этилиб, битирувчиларнинг эгаллаган касби бўйича иш билан таъминланишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Техникум Хоразм вилоятидаги бошқа касбий таълим муассасалари учун ҳам замонавий амалий база вазифасини ўтайди. Ҳудуддаги таълим муассасаларининг қарийб 4 минг 300 нафар ўқувчиси бу ердаги устахона ва лабораторияларда амалиёт ўтайди. Бундай илғор касбий маҳорат техникумларини Қорақалпоғистон Республикаси ва бошқа ҳудудларда ҳам босқичма-босқич ташкил этиш режалаштирилган.
Давлатимиз раҳбари муассаса ҳудудидаги Касблар шаҳарчасини ҳам кўздан кечирди. Бу ерда ёшларнинг қизиқиши ва қобилиятини эрта аниқлаш, уларни муайян касбларга йўналтириш учун шароит яратилган.
Касблар шаҳарчасида “Ўзинг ясаб кўр” тамойили асосида ўқувчилар турли замонавий ускуналар билан бевосита ишлаб, амалий кўникмалар ҳосил қилади. Транспорт ва логистика, саноат ва қурилиш, сервис, қишлоқ хўжалиги ҳамда “яшил” энергетика каби меҳнат бозорида талаб юқори бўлган йўналишлар қамраб олинган.
Мажмуа йирик иш берувчи корхоналар билан ҳамкорликда фаолият юритади. Бу ёшларни касбга йўналтиришдан тортиб, уларга амалий кўникма бериш ва келгусида бандлигини таъминлашгача бўлган ягона тизимни шакллантиришга хизмат қилади.
Президентимиз ёшларни замонавий меҳнат бозори талаб қилаётган касбларга сифатли ўқитиш, таълим дастурларини иш берувчилар эҳтиёжига мослаштириб бориш ва бундай тажрибани бошқа ҳудудларда ҳам кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади.
