Тошкент вилоятида жамоат транспорти нархи ўзгарди
Тўлов банк карталари орқали амалга оширилганда 1700 сўм, нақд пулда эса 2500 сўм этиб белгиланди.
Тошкент вилояти шаҳарларида жамоат транспорти учун тўлов нархи ўзгаради. 31 май куни Вилоят ҳокими Зойир Мирзаевнинг вилоят шаҳарларида жамоат транспорти тарифларини такомиллаштириш бўйича қарори эълон қилинди.
Унга кўра, вақтга боғланган соатлик, кунлик, ойлик ва йиллик лимитсиз тарифлар, нақд тўловни электрон тўловга нисбатан 30 фоизга юқори этиб белгилаш маълум қилинган.
Жумладан, бир нафар йўловчи учун қатнов банк ва транспорт карталари орқали амалга оширилганда 1700 сўм, нақд тўловда 2500 сўм этиб белгиланган. Бир нафар йўловчининг багажини ташиш харажатлари ҳам 2500 сўмни ташкил этади.
Қарорга илова қилинган жадвалга кўра, бир йўловчи учун олти ойлик тўлов 900 минг сўм, бир йиллиги эса 1 млн. 826 минг этиб белгиланган. Талаба, ўқувчи, пенсионер ва ногиронлар учун олти ойлик тўлов 450 минг сўм, йиллик тўлов эса 913 минг сўмни ташкил этади.
Қарор эълон қилинган кунидан кучга кириши белгиланган.
Аввалроқ Хоразмда ичимлик суви нархи қимматлашганди.