platina.uz

Спортчи қарийб 23 соатда 100 километр масофани босиб ўтди

Триатлончи Шавкат Мусинов Тошкент шаҳри бўйлаб 100 км масофани пиёда босиб ўтди. 

Спорт
31 май, 20:50
Спортчи қарийб 23 соатда 100 километр масофани босиб ўтди

Gross суғурта компаниясининг "Хавфсиз Ҳаракат" лойиҳаси ташаббусига кўра, лойиҳанинг тарғибот элчиси, триатлончи Шавкат Мусинов Тошкент шаҳри бўйлаб 100 км масофани пиёда босиб ўтди.

Ушбу масофа Тошкент шаҳрининг барча туманларини қамраб олган бўлиб, спортчи уни "скандинавча (шимолий) юриш" услубида босиб ўтди.

Лойиҳанинг тарғибот элчиси Шавкат Мусинов бу тадбирни ўтказишдан кўзлаган иккита мақсади борлиги айтди.

"Мақсадим аввало, пойтахт аҳолиси учун ташкиллаштирилган пиёдалар йўлакларида улар ҳар куни тўқнаш келадиган муаммоларни қайд этиб боришдан иборат. Чунки пиёдалар учун яратилган шароитлар билан бирга муаммолар ҳам учрайди. Бу муаммолар ногиронлиги бўлган шахслар ёки ёш болалари оналар учун қийинчилик туғдиради. Мана шундай жойларни қайд этиб, муаммони бартараф этишга ўз ҳиссамни қўшмоқчиман. Бундан ташқари, 100 километр масофани пиёда босиб ўтиб, соғлом турмуш тарзини ҳам тарғиб қилмоқчиман".

Триатлончи юришни бошлашидан аввал тиббий назоратдан ўтказилди. Унда тиббиёт ходимлари томонидан саломатлиги жойидалиги ҳақидаги ташхисни олганидан сўнг юришга старт берилди. Тадбирда, шунингдек Тошкентнинг бир қанча аҳолиси ҳам йўлнинг турли қисмларини бирга босиб ўтиш учун спортчига қўшилишди.

Асли 1 сутка деб тахмин қилинган бу масофани спортчи 22 соат 54 минутда босиб ўтди. Сабаби бу вақт унга кўзлаган мақсадига эришишига етарли бўлган. Тарғиботчининг айтишича, йўлларда пиёдалар учун шароитлар ҳам, камчиликлар ҳам бор.

У дуч келган камчиликлар:

— кечқурун пиёдалар йўлакларида автомашиналарнинг туриши. Улар кечқурун пиёдаларнинг ҳаракатланишига халақит қилмоқда;
— қурилиш бўлаётган объектларда пиёдалар йўлакларининг банд қилиб қўйилиши;
— йўлларда, ариқларда уюм бўлиб тўпланиб турган чиқиндилар

Юз километрлик юриш якунларига кўра Тошкент шаҳри ҳокимлиги ва Тошкент шаҳри ИИББ ЙҲХБ билан бирга камчиликларни инобатга олган ҳолда шаҳар муҳитини яхшилашга доир йўл харитаси ишлаб чиқилади.

Одинахон Деҳқонова

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+