Бухорода газ-кимё мажмуаси, қуёш электр станцияси ва аэропорт қурилишига старт берилди

Аэропорт лойиҳаси қиймати 226 миллион долларни ташкил этилади. Соатига 1 минг 200 нафар йўловчига хизмат кўрсатиш имконияти яратилади.

Иқтисод
31 май, 18:25
Бухорода газ-кимё мажмуаси, қуёш электр станцияси ва аэропорт қурилишига старт берилди

Президент Шавкат Мирзиёев Бухорода газ-кимё мажмуаси, қуёш электр станцияси ва аэропорт қурилишига старт берди.

Мамлакатда сўнгги 5 йилда қайта ишлаш саноати ҳажми 1,4 баробарга кўпайиб, биргина ўтган йилда 553 триллион сўмни ташкил этди. Бухорода эса бу кўрсаткич 1,6 баробарга ошиб, 30 триллион сўмга етди.

Вилоятда 7 миллиард долларлик хорижий инвестициялар ҳисобидан 41 та ва яна шунча қийматдаги 39 та маҳаллий лойиҳа бўйича иш олиб борилмоқда.

Энди яна учта йирик иншоот – газ-кимё мажмуаси, қуёш электр станцияси, Бухоро халқаро аэропорти қурилиши режалаштирилган. 

Шу муносабат билан ўтказилган маросимда Президент Шавкат Мирзиёев мазкур лойиҳаларнинг аҳамияти ҳақида сўзлади.

Улардан бири “Қоракўл” эркин иқтисодий зонасида қуриладиган газ-кимё мажмуасидир. У “мethanol to оlefins” (MTO) технологияси асосида ишлайдиган юртимиздаги биринчи завод бўлади.

Лойиҳа доирасида қарийб 5 миллиард доллар инвестиция жалб этилиб, АҚШ, Германия, Дания, Австрия, Италия ва Хитойнинг энг илғор технологиялари келтириб ўрнатилади. Ягона мажмуа доирасида йилига 1,3 миллиард метр куб табиий газ ва 430 минг тонна нафта қайта ишланиб, юртимиз ва жаҳон бозорида талаб юқори бўлган 1,1 миллион тонна полимер маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Ҳисоб-китобларга кўра, бундай маҳсулотлар газ нархига нисбатан 5 баробар кўп қўшилган қиймат беради.

Янги заводда 2 минг киши иш билан таъминланади. Шунингдек, у қурилиш, тўқимачилик, чарм-пойабзал, автомобилсозлик, электротехника ва бошқа турдош соҳаларда ўнлаб корхоналар, яна 4 мингта иш ўрни очилишига туртки бўлади.

Ушбу лойиҳалар ишга туширилиши натижасида Бухорода нафақат туризм, балки саноат ҳам ҳақиқий “драйвер”га айланади.

Иқтисодиётнинг барқарор ўсиши электр энергияга бўлган талабни йилига ўртача 6 фоизга оширмоқда. Шу боис жойларда янги генерация қувватлари барпо этиб борилмоқда.

Сўнгги йилларда 2 миллиард доллар хорижий инвестиция ҳисобига қуввати 2 гигаваттли 10 та қуёш ва шамол электр станцияси тармоққа уланди. Бугунги кунда хорижий шериклар билан жами 19 миллиард долларлик 18,3 гигаваттли 32 та “яшил” генерация қувватлари қурилмоқда.

Жорий йилнинг ўзида 14 та қуёш ва шамол станциясининг дастлабки 2,6 гигаватти тармоққа уланади. Натижада юртимизда ишлаб чиқариладиган жами қувватда муқобил энергия улуши 9 фоиздан 15 фоизга ошади. Умуман, 2030 йилгача бу кўрсаткични 40 фоизга етказиш мақсад қилинган. 

Бунда, албатта, серқуёш Бухоро алоҳида ўрин тутади. Ҳозирги кунда вилоятда қарийб 4,5 миллиард доллар хорижий инвестиция ҳисобига қуввати 4 гигаваттли 9 та йирик лойиҳа амалга оширилмоқда.

Энди уларнинг сафига Бирлашган Араб Амирликларининг “Masdar” компанияси томонидан қуриладиган 250 мегаваттли қуёш электр станцияси ҳам қўшилади. Бу лойиҳа учун Олот туманидан 648 гектар ер ажратилган. Станция 2025 йил декабрда ягона электр тармоғига уланиши режалаштирилган.

Бундан ташқари, Бухоро вилоятида Саудия Арабистонининг “ACWA Power”, Хитойнинг “Gezhouba” компаниялари томонидан ҳам муқобил энергия мажмуалари барпо этилмоқда. 2030 йилга бориб вилоятдаги қувватлар 9 карра ортиб, йилига 12,5 миллиард киловатт соат “яшил” энергия ишлаб чиқарилади.

Стартдаги яна бир лойиҳа – янги халқаро аэропорт. 

Давлатимизнинг очиқлик сиёсати натижасида дунё билан алоқалар жадаллашди. Ўзбекистонда 90 дан ортиқ мамлакат фуқаролари учун визасиз режим жорий этилди.

Буларнинг натижасида юртимизга келувчилар кўпайди. Охирги 2 йилда хизматлар экспортининг 40 фоизи туризм соҳасига тўғри келган. 283 та меҳмонхона, 486 та хостел, 1,2 мингта оилавий меҳмон уйи барпо этилган. Туризм оқими 35 фоизга ошган.

Хусусан, биргина 2023 йилда Бухорога 1 миллион 400 мингга яқин хорижий туристлар ташриф буюрган.

Бу каби омиллар вилоят халқаро аэропортида парвозлар сонини кўпайтиришни талаб этмоқда. Шу боис хусусий шериклик шартлари асосида Бухоро туманида янги халқаро аэропорт қуриш кўзда тутилган.

226 миллион долларлик ушбу лойиҳа доирасида жаҳон стандартларига мос аэропорт инфратузилмаси ташкил этилади. Соатига 1 минг 200 нафар йўловчига хизмат кўрсатиш имконияти яратилади. Йўловчи ва ҳаво кемаларига сервис сифатини ошириш орқали янги халқаро авиакомпаниялар жалб қилинади.

Президент Шавкат Мирзиёев рамзий тугмани босиб, мазкур мажмуалар қурилишини бошлаб берди.

Шу ерда Бухоро вилоятида қурилиши режалаштирилган мажмуалар, жумладан, янги аэропорт лойиҳаси тақдимот қилинди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+