Тайландга визасиз бориш мумкин бўлди
Шунингдек, 2000 бат (55 АҚШ доллари) миқдоридаги виза йиғими ҳам бекор қилинмоқда.
Таиланд Ўзбекистон фуқаролари учун визасиз режим жорий қилмоқда. Бу ҳақда Bangkok Post мамлакат расмийларига асосланиб хабар берди.
Таиландга визасиз кириш ҳуқуқига эга давлатлар рўйхати бирданига 57 тадан 93 тага кўпаймоқда. 36 та янги давлат қаторига Ўзбекистондан ташқари Камбоджа, Хитой, Ҳиндистон, Ямайка, Қозоғистон, Лаос, Мексика, Марокаш ва бошқалар кирди.
Ўзбекистон фуқаролари энди Таиландда 30 кун эмас, балки 60 кун қолишлари мумкин. Аввалги тартибда мамлакат фуқаролари Таиландга етиб боргандан сўнг 30 кун қолиш шарти билан виза олишлари керак эди. Сўнгги бор бу тартибга 2022 йил октябрда ўзгартириш киритилганди.
Бундан ташқари фуқаролар 2000 бат (55 АҚШ доллари) виза йиғими тўлаши лозим бўларди. Шунингдек, хавфсизлик хизмати ходимлари камида 550 АҚШ доллар миқдорида нақд пул ва меҳмонхона банд этилгани бўйича ҳужжатни талаб қилишга ҳақли бўлган.
Бундан ташқари, чет эллик талабаларга маҳаллий университетни тамомлагандан кейин яна бир йил мамлакатда қолишга рухсат берилди. Илгари улар диплом олганларидан кейин дарҳол мамлакатни тарк этишлари керак эди.