platina.uz

Шимолий Корея сунъий йўлдоши ҳавода портлаб кетди: тафсилотлар

Жанубий Корея, АҚШ ва Япония вакиллари мазкур воқеа сабаб шошилинч телефон мулоқоти ўтказди. 

Жаҳон
28 май, 12:49
Шимолий Корея сунъий йўлдоши ҳавода портлаб кетди: тафсилотлар

Шимолий Кореянинг сунъий йўлдошни орбитага чиқаришга уриниши ракета портлаши туфайли муваффақиятсизликка учради, деб хабар берди Yonhap Шимолий Корея расмий ОАВларига асосланиб.

Расмий Пхенян ракета ташувчи ҳавода портлаганини двигателнинг носозлиги туфайли изоҳлади.

Аввалроқ Жанубий Корея ва Япония ОАВлари Шимолий Корея Сариқ денгиз томон ракета учиргани ҳақида хабар берган. Кейинроқ ракета радарлардан ғойиб бўлган ва унинг қолдиқлари денгиздан топилган.

Associated Press агентлигининг қайд этишича, Япония Окинава аҳолисига бошпана топишни маслаҳат берган, бироқ тез орада огоҳлантириш бекор қилинган.

Душанбага ўтар кечаси Шимолий Корея Японияни яқин кунларда сунъий йўлдошли ракетани учириш нияти ҳақида хабардор қилгани маълум бўлганди.

Жанубий Корея, АҚШ ва Япония вакиллари мазкур воқеа сабаб шошилинч телефон мулоқоти ўтказган ва КХДРнинг ҳаракатидан норозилик билдиришган. "Уч томон Шимолий Корея халқаро ҳамжамиятнинг бир неча бор огоҳлантиришларига қарамай, ҳарбий разведка сунъий йўлдошини учирганини кескин қоралади", — дейилади баёнотда.

Уларнинг таъкидлашича, бу амалиёт "БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Шимолга баллистик ракета технологиясидан фойдаланган ҳолда бундай учиришни тақиқловчи резолюцияларини очиқдан-очиқ бузиш саналади".

Вакиллар Шимолий Кореянинг хатти-ҳаракатлари "минтақа ва ундан ташқарида тинчлик ва хавфсизликка жиддий таҳдид" эканини қайд этди.

Улар уч томонлама мувофиқлаштиришни давом эттиришга ва халқаро ҳамжамият билан "Шимолдан эҳтимолий қўшимча провокацияга тайёргарлик кўришга" ваъда беришди.

Вакилларнинг қўшимча қилишича, Пхеняннинг хатти-ҳаракатлари уч томонлама хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни фақат мустаҳкамлайди.

Ўтган йилнинг ноябрида Шимолий Корея "Чоллима-1" ракетаси билан "Муллиген-1" сунъий йўлдошини орбитага олиб чиққан эди. Ракета Донгчанг полигонидан учирилган. Учиришни Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин кузатган.

Бунгача Пхенян орбитага разведка сунъий йўлдошини олиб чиқишга икки марта муваффақиятсиз уринган - жумладан 2023 йилнинг май ва август ойларида.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+