Шимолий Кореядан яна бир сюрприз: орбитага жосус сунъий йўлдошлари чиқарилиши мумкин
Корея Халқ Демократик Республикасининг давлатга қарашли KCNA ахборот агентлиги маълум қилишича, “доҳий” Ким Чен Ин қўл остидаги расмийларига мамлакатда биринчи ҳарбий разведка сунъий йўлдошини учиришга тайёрланишни буюрган.
Давлат халққа эмас, халқ давлатга хизмат қилади, “ягона ва бетакрор”, деярли илоҳ даражасига чиқариб қўйилган ва барчанинг сўзсиз итоат қилиши талаб қилинадиган “доҳий” хаёлига келган ишни қилади. Ўзининг ахмоқона мақсадлари йўлида халқ мулки ва қувватини ўйлаб ўтирмасдан сарфлайди. Чунки у ҳеч кимга ҳисоб бермайди. Ҳеч кимдан қўрқмайди. Гоҳида давлат пулини исроф қилиб, атом бомба ясамоқчи бўлади. Гоҳида эса ҳали бор-йўқлиги гумон бўлган шу бомбаси билан, кимсан, АҚШга таҳдид солади.
Ҳатто соч турмаги ҳам давлат белгилаб берган 10-15 та услуб билан чекланадиган Шимолий Корея раҳбарининг калласига бу гал аввалгиларидан ҳам “оламшумул” ва бемаъни бир фикр келиб қолди.
Корея Халқ Демократик Республикасининг давлатга қарашли KCNA ахборот агентлиги маълум қилишича, “доҳий” Ким Чен Ин қўл остидаги расмийларига мамлакатда биринчи ҳарбий разведка сунъий йўлдошини учиришга тайёрланишни буюрган.
Ўтган ҳафта КХДР Аэрокосмик тараққиёт миллий бошқармасига борган Ким Чен Иннинг баёнот беришича, мамлакатда ҳарбий разведка сунъий йўлдошларини ишлаб чиқариш ниҳоясига етган ва у бир неча шундай жосус сунъий йўлдошни фазога учириш ҳақида буйруқ берган. Айтганча, “доҳий” бошқармага қизи Джу Э. билан бирга келган. Бу йил қизалоқ кўплаб давлат тадбирларида отасига ҳамроҳлик қилмоқда. Диктатура режимларига хос бўлган қонунийликдан келиб чиқадиган бўлсак, Ким Чин Ир ўзидан кейин қизини мутлақ раҳбар сифатида қолдиришни мақсад қилган бўлиши ҳам мумкин. Товуқ жўжасини ўзи билан олиб юриб, унга дон топиш учун ер титишни ўргатганидек, “доҳий” ҳам қизини тахтга шу тарзда тайёрлаётган бўлса ажаб эмас...
Таҳлилчиларнинг айтишича, ўтган йили декабрда Шимолий Корея жосус-йўлдошларни ишлаб чиқиш жараёнининг “муҳим якуний синовлари босқичига” ўтганини маълум қилганди. Бироқ мазкур баландпарвоз баёнотларга қарамасдан, Шимолий Корея Фазо марказининг сунъий йўлдошдан олинган суратлари жосус-йўлдош учирилишидан дарак берувчи белгилар йўқлигини кўрсатмоқда, дейди АҚШнинг Жеймс Мартин номидаги Ядровий қуролни тарқатмаслик бўйича тадқиқотлар маркази катта илмий ходими Дэйв Шмерлер. «Бироқ Шимолий Корея жосус-йўлдошни йўлда ҳаракатланувчи мобил транспорт воситасидан учириши ҳам мумкин”, дейди у. Чунки ўтган ҳафта Шимолий Кореяда учирилган ракеталар, жумладан қитъалараро баллистик ракета синовлари ҳам мобил транспорт қурилмаларидан амалга оширилганди.
Ким Чин Ир жосус-йўлдошларнинг миллий хавфсизлик ва ҳудудий барқарорликни таъминлашдаги ролини алоҳида таъкидлади. Унинг иддао қилишича, АҚШ ва Жанубий Корея томонидан ҳарбий таҳдид ва чақириқларнинг кучайиши Шимолий Кореяни шундай қадамларга мажбур қилмоқда. Унинг қўшимча қилишича, жосус-йўлдошлар мамлакатнинг “миллий суверенитет ва ўзини ҳимоя қилиш” ҳуқуқининг бир кўринишидир. Корея ярим оролидаги таранглик шароитида бундай қадамлар заруриятга айланмоқда, дея хабар қилган KCNA ахборот агентлиги.
Албатта Шимолий Кореянинг бундай қалтис ҳаракатлари унинг атрофидаги давлатларда ҳам чуқур хавотир уйғотади. Хусусан, Япония ҳукумати ҳам ўз ташвишини изҳор қилди. Шимолий Корея синов учун учирадиган баллистик ракеталар кўпинча Япония устидан учиб ўтади. Ҳисоб-китобларда озгина адашилса, улар Япония устига қулаб тушиши ҳам ҳеч гап эмас. Шу боис Япония зарурият туғилса, Шимолий Корея жосус сунъий йўлдошларини уриб тушириши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилмади.
Шанба куни Япония мудофаа вазири Ясукадзу Хамада япон ҳарбийларига “зарур тайёргарликлар кўриш” ҳақида буйруқ берди. У яна “баллистик ракеталарни уриб тушириш ҳақида” буйруқ бериши мумкинлигини ҳам таъкидлади.
Бу воқеалар фонида эса Япония ўзини ҳимоя қилиш кучлари Япония ҳудудига ракета парчалари тушиши мумкин бўлган сценарийларга тайёр туриш мақсадида жанговар тайёргарлик ҳолатига келтирилди.
Япония Мудофаа вазирининг айтишича, Япония ҳарбийлари ерда ўрнатиладиган, ракеталарни тутиб қолувчи Patriot Advanced Capability-3 тизимларини жойлаштирган ҳамда денгиздан туриб ракеталарни уриб туширувчи Standard Missile-3 билан жиҳозланган Aegis тизимига эга кемаларни жанговар навбатчиликка чиқарган.
Таъкидлаш керак, Япониянинг Шимолий Корея жосус сунъий йўлдошларини уриб тушириш учун ҳарбий-техник имконияти етарли. Бундан 10 йилча олдин Хитой ҳарбийлари Ер орбитасида хизматини ўтаб бўлган ўз сунъий йўлдошини ердан туриб уриб туширганди. Орадан ўтган йиллар давомида ҳарбий қурол аслаҳалар ҳамда технологиялар янада такомиллашди ва арзонлашди. Шу боисдан, иқтисодий ва ҳарбий қудрати бўйича минтақада етакчилардан бири бўлгани Япония ўз ваъдаларини бажаришига шубҳа қилмаса ҳам бўлади.
Абулфайз САЙИДАСҚАРОВ.