БМТ: Россия Украинага Шимолий Корея қуроллари билан зарба берди
Жумладан, жорий йилнинг 2 январида "Хвасон-11" ракетаси билан Харковга ҳужум қилинган.
Reuters агентлигининг хабар беришича, БМТ экспертлари Хавфсизлик кенгашига Украинага қарши Шимолий Кореяда ишлаб чиқарилган баллистик ракеталардан фойдаланилганини тасдиқловчи ҳисобот юборган.
Ҳисобот матни билан танишган агентлик журналистларининг ёзишича, гап Харковда жорий йилнинг 2 январида портлаган "Хвасон-11" ракетасига тегишли.
БМТ экспертлари мустақил манбалардан ракета айнан қаердан учирилгани ва буни ким амалга оширганини тасдиқлай олмаганликларини ёзишмоқда. Бироқ Украина расмийлари уларга ракета Россиядан учирилганини кўрсатувчи маълумотларни тақдим этган.
Мутахассисларнинг қайд этишича, агар КХДРдан Россияга ракета жўнатилгани тасдиқланса, бу БМТ Хавфсизлик кенгаши томонидан 2006 йилда ядровий дастурни ишлаб чиқиш ва баллистик ракеталар ишлаб чиқариш учун Пхенянга нисбатан киритилган санкцияларнинг бузилиши бўлади.
Март ойида Россия БМТ Хавфсизлик кенгашида Шимолий Кореяга қарши санкцияларга риоя этилишини назорат қилувчи экспертлар гуруҳининг мандатини узайтириш учун овоз беришда вето ҳуқуқидан фойдаланган. Бу экспертлар гуруҳи фаолиятининг тўхтатилишига олиб келади, гарчи санкциялар режимининг ўзи расман бекор қилинмаган бўлса ҳам.
Ғарб давлатлари ва Украина Шимолий Корея Россияга катта миқдорда ўқ-дорилар – артиллерия снарядлари ва баллистик ракеталарни етказиб беришини айтишган. Москва Шимолий Корея қуролларини сотиб олганини рад этади.
АҚШ расмийлари Россия Харковга ҳужум қилишда Шимолий Корея ракеталаридан фойдаланганини биринчи бўлиб эълон қилганди.
Февраль ойида Украина Хавфсизлик хизмати ўтган йил охиридан бери Россия ҳарбийлари Украина ҳудудига Шимолий Кореянинг 20 дан ортиқ қуроли билан зарба берганини эълон қилганди.
Шимолий Корея ракеталари қўлланилган ҳужумлар натижасида камида 24 нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлди, юздан ортиқ тинч аҳоли вакиллари оғир яраланди, дейилади департамент.