platina.uz

Исроилнинг Рафаҳга ҳужумида ўнлаб одамлар ҳалок бўлди, Нетаняҳу эса урушни тўхтатмоқчи эмас

Исроилнинг зарбаси халқаро гуманитар ташкилотлар, БМТ ҳамда Европа Иттифоқи томонидан қораланди.

Жаҳон
28 май, 11:58
Исроилнинг Рафаҳга ҳужумида ўнлаб одамлар ҳалок бўлди, Нетаняҳу эса урушни тўхтатмоқчи эмас

ҲАМАС Тел-Авив ҳудудига ракета учирганидан кейин Исроил мудофаа кучлари Ғазо жанубидаги Рафаҳга кучли зарба берди.

Якшанба куни кечқурун Ғазо сектори жанубидаги Рафаҳ яқинида Исроил ҳаво ҳужумлари кескин тус олган. Ғазо Соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълум қилишича, ҳужумда 50 дан ортиқ одам ҳалок бўлган, ўнлаб одамлар яраланган. Кўчирилган тинч аҳоли истиқомат қиладиган лагерда ҳам ёнғин чиққани хабар қилинган.

Исроил мудофаа кучлари ХАМАС қароргоҳига зарба бергани ва гуруҳнинг икки қўмондони ўлдирилганини маълум қилган.

Фаластин Қизил Ярим Ой жамияти Исроил кучлари Рафаҳнинг шимоли-ғарбидаги қочқинлар чодирларини нишонга олганини ва бу жойнинг Исроил томонидан гуманитар ҳудуд сифатида белгиланганини илгари сурди. Қурбонлар сони яна ортиши мумкин.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу мазкур ҳолатни даҳшатли тасодиф дея атади ва тергов ўтказишга ваъда берди.

"Рафаҳда биз миллионлаб аҳолини эвакуация қилдик, аммо ҳаракатларимизга қарамай, кеча фожиали воқеа содир бўлди", деди Нетаняху парламентда. "Биз ушбу ҳодисани текширамиз ва хулоса чиқарамиз, чунки бу бизнинг сиёсатимиз", дея қўшимча қилди у. Лекин бош вазирнинг айтишича, Исроил тўхтамайди.

Исроилнинг зарбаси халқаро гуманитар ташкилотлар, БМТ ҳамда Европа Иттифоқи томонидан қораланди. Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбари Жозеф Боррелнинг айтишича, Исроил БМТ судининг Рафаҳга ҳужумни тўхтатишга буйруқ берган қарорини ҳурмат қилиши керак.

“Бу операциялар тўхтатилиши керак. Рафаҳда фаластинлик тинч аҳоли учун хавфсиз ҳудудлар йўқ, деб ёзди Франция президенти Эммануэл Макрон Х ижтимоий тармоғида. "Мен халқаро ҳуқуқни тўлиқ ҳурмат қилишга ва зудлик билан ўт очишни тўхтатишга чақираман", деган у.

Ирландия ташқи ишлар вазири Майкл Мартиннинг сўзларига кўра, Европа Иттифоқи илк бор Исроилга санкциялар киритишни муҳокама қилган.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+