platina.uz

Тадбиркорларга имтиёз ва субсидиялар берилади

Солиқ ва божхона имтиёзлари, субсидиялар ва бошқа енгилликлар тадбиркорлар рейтинггига қараб тақдим этилади. 

 

Иқтисод
27 май, 11:30
Тадбиркорларга имтиёз ва субсидиялар берилади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 24 майдаги “Тадбиркорлик субектларига субсидиялар, имтиёзлар ва преференцияларни тақдим этиш тартибларини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-193-сонли қарори эълон қилинди.

Қарорга кўра, юридик шахс ташкил этган ҳолда фаолият юритаётган тадбиркорларга уларнинг рейтинг даражасидан келиб чиққан ҳолда солиқ ва божхона имтиёзлари, субсидиялар ва преференциялар (имтиёзлар)ни тақдим этиш тартиби жорий этилади.

Жумладан, рейтинги ўрта ва юқори бўлган тадбиркорларга имтиёзлар амалдагисига нисбатан қуйидаги миқдорларда тақдим этилади:

Рейтинги юқори тоифага кирувчи тадбиркорларга:

- “AAA” – амалдаги миқдорнинг 100 фоизи.

- “AA” – амалдаги миқдорнинг 90 фоизи.

- “A” – амалдаги миқдорнинг 80 фоизи.

Ўрта тоифага кирувчи тадбиркорларга:

- “ВВВ” – амалдаги миқдорнинг 70 фоизи.

- “ВВ” – амалдаги миқдорнинг 60 фоизи.

- “В” – амалдаги миқдорнинг 50 фоизи.

Таъкидлаш жоиз, мазкур қарорда фаолият бошлаганига 6 ой бўлмаган тадбиркорларга ҳам имтиёзлар берилиши кўзда тутилган.

Шу билан бирга, Президент Фармонига мувофиқ 4 ва 5-тоифага кирувчи туманларда фаолият юритаётган тадбиркорларга имтиёзлар, уларнинг рейтинг даражасидан қатъи назар, амалдаги миқдорларда тақдим этилади.

Тадбиркорларнинг рейтинг даражаси пасайганда, имтиёзлар бериш даври 3 ойгача сақлаб қолинади. Рейтинг юқорилаганида эса, имтиёзлар кейинги ойдан бошлаб, янгиланган рейтинг даражасига мувофиқ ҳажмда берилади.

2025 йил 1 январдан бошлаб, subsidiya.mf.uz интернет платформасида тадбиркорларга тақдим этиладиган қўллаб-қувватлаш чораларининг турлари, муддатлари ва тартибини ўз ичига олган алоҳида реестр юритилади.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+