Педагоглар фарзандлари учун контрактга 30 фоиз чегирма берилади
Жорий ўқув йилидан бошлаб давлат ОТМларига ўқишга кирган ва таҳсил олаётган педагогларнинг фарзандларига тўлов-контракт тўловига 30 фоиз чегирма тақдим этилади. Бу педагогнинг барча фарзандларига амал қилади.

2026/2027 ўқув йилидан эътиборан, ҳар йили давлат ОТМларига тўлов- контракт асосида ўқишга қабул қилинган педагогларнинг фарзандларига 30 фоиз чегирма берилади. Ушбу имтиёз бакалавриатнинг кундузги таълимида ўқиётганларга татбиқ этилади. Бу ҳукумат қарори билан тасдиқланди.
Унга кўра, педагогларнинг ҳар бир фарзанди мазкур чегирмага эга бўлади. Талабанинг ота ёки онаси педагог тоифасидан чиқарилган тақдирда, кейинги ўқув йилидан бошлаб унга чегирма қўллаш тўхтатилади.
Имтиёз қуйидаги талабаларга нисбатан қўлланилмайди:
- олий ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган таълим ташкилотларида;
- Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган хорижий олий таълим ташкилотлари ва уларнинг филиалларида;
- қўшимча ва табақалаштирилган тўлов-контракт асосида;
- хорижий ҳамкор ОТМларнинг қўшма таълим дастурлари асосида ва факултетларида;
- нодавлат олий таълим ташкилотларида таҳсил олаётганлар.
Чегирма олиш учун “kontrakt.edu.uz” тизими орқали ариза юбориш мумкин. Аризалар 2 иш куни мобайнида кўриб чиқилади.
Эслатиб ўтамиз, педагоглар фарзандлари учун контрактга 30 фоиз чегирма жорий этиш тўғрисидаги лойиҳа шу йилнинг май ойида муҳокамага қўйилган эди.
