"Сизлар нафақат Ўзбекистонни, балки дунёни ўзгартиришингиз мумкин" — Президет битирувчиларни табриклади
Бугун Ўзбекистон бўйлаб умумтаълим мактабларида "Сўнгги қўнғироқ" тадбирлари бўлиб ўтмоқда.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мактабларни битираётган ўқувчиларга табрик йўллади.
"Ҳамиша ёдингизда тутинг, ҳар бирингиз ўзига хос истеъдод соҳибисиз, уларни рўёбга чиқариш эса аввало ўзингизга, тинимсиз интилиш ва изланишларингизга боғлиқ.
Шу ўринда, сизнинг сафингизда ўқишни олтин ва кумуш медаллар билан тамомлаётган юзлаб ўғил-қизларимиз борлигини таъкидлаш ўринлидир. Ҳеч қачон орзу қилишдан тўхтаманг, катта мақсадлар йўлида имкониятларингизни синаб кўришдан, бу йўлда хато қилиш ва улардан сабоқ олишдан қўрқманг. Чунки халқимиз сизларга катта умид ва ишонч билан қарамоқда" дейилади табрикда.
Шунингдек, давлат раҳбари ёшларнинг янги ғоя ва ташаббуслари нафақат Ўзбекистонни, балки бутун дунёни ўзгартириши мумкинлигини таъкидлаб ўтди. "Шунинг учун ҳар қандай ҳолатда ҳам ўз олдингизга қўйган эзгу мақсадингиздан ортга чекинманг" дейди Президент.
Эслатиб ўтамиз, бугун 25 май куни Ўзбекистон бўйлаб умумтаълим мактабларида "Сўнгги қўнғироқ" тадбирлари бўлиб ўтмоқда. Шу билан 2023-2024 йилги ўқув йили ўз ниҳоясига етади.