Фирибгарлик ва одам савдосида айбланган шахс Ўзбекистонга депортация қилинди
Қайд этилишича, кейинги вақтларда АҚШ, Канада ёки Европага виза расмийлаштириб бериш важи билан фирибгарлик содир этилиши ортиб бормоқда.
Истанбулда фирибгарлик ва одам савдосида айбланган шахс Ўзбекистонга депортация қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси хабар берди.
Туркия ва Ўзбекистон Ички ишлар вазирликлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида жорий йилнинг 6 май куни Истанбул шаҳрида қўлга олинган, фирибгарлик ва одам савдоси жиноятларини содир этганликда айбланиб, қидирувда бўлган, 1979 й.т. Озод Раҳимов бугун Бош консулхона ходимлари иштирокида Ўзбекистонга депортация қилинди, дейилади хабарда.
Ушбу шахснинг хатти-ҳаракатларидан жабр кўрган фуқаролар Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонасига ёки Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига мурожаат қилиш сўралади.
"Жиноий жавобгарликдан қочиб хорижий давлатларда, шу жумладан Туркияда яшириниб юрган ҳар бир шахсга нисбатан жиноий таъқиб изчил равишда давом эттирилади ва жиноят учун жавобгарлик принципи қатъий таъминланади. Шу билан бирга, кейинги вақтларда АҚШ, Канада ёки Европа давлатларга бориш учун виза расмийлаштириб бериш важи билан фирибгарлик содир этилиши ҳолатлари юзасидан Бош консулхонамизга келаётган мурожаатлар сони ортганлигини инобатга олиб, фуқаролардан фирибгарларга алданиб қолишдан огоҳ бўлишни сўраймиз" дейилади консулхона хабарида.
Эслатиб ўтамиз, сўнгги вақтларда турли жиноятларда айбланаётган шахслар фаол равишда Туркиядан Ўзбекистонга депортация қилинмоқда. Жумладан, январ ойи охирида саккиз йилдан бери қидирувда бўлган аёл ушланганди.