Ҳаж зиёрати учун пул ундирган фирма ходимлари ушланди

Жумладан, Юнусобод туманида сайёҳлик фирмаси раҳбари фуқародан 9500 АҚШ доллари талаб қилиб, 5700 АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

Жамият
22 май, 11:00
Ҳаж зиёрати учун пул ундирган фирма ходимлари ушланди

Фуқароларни "Ҳаж" зиёратига юборишни ваъда қилиб, уларнинг пул маблағларини ўзлаштириш ҳолатлари кузатилмоқда. Бу борада Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ва ички ишлар органлари билан ҳамкорликда бир нечта тезкор тадбирлар ўтказилди.

Жумладан, Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида жойлашган сайёҳлик фирмасининг 2 нафар ходими маҳаллий фуқаронинг ишончига кириб, унинг ота-онасини Саудия Арабистонига "Ҳаж" сафарига боришлари учун талаб этиладиган виза ҳужжатларини тайёрлаб бериш ва уларни зиёратга юбориш эвазига 18 минг АҚШ доллари талаб қилишиб, 4500 АҚШ доллари олган вақтларида ушланди.

Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги сайёҳлик фирмаси раҳбари Яшнобод туманида яшовчи фуқарони "Ҳаж 2024" мавсумида Саудия подшоҳлигига муборак сафарга юбориш эвазига 9500 АҚШ доллари талаб қилиб, 5700 АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманида яшовчи, муқаддам судланган шахс ҳам Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида истиқомат қилувчи 2 нафар фуқарони сайёҳлик фирмаси орқали "Ҳаж" зиёратига юбориш эвазига 20 минг АҚШ доллари талаб қилиб, 10 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

Фарғона шаҳридаги сайёҳлик фирмаси иш юритувчиси эса Тошлоқ туманида яшовчи фуқарони ва унинг 2 нафар вояга етмаган фарзандини 30 минг АҚШ доллари эвазига "Ҳаж" зиёратига юборишни ваъда қилиб, 15 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

Фарғона вилоятининг Ёзёвон туманида яшовчи шахс ҳам Қува туманида истиқомат қилувчи фуқарони ва унинг ота-онасини «Ҳаж» амалларини бажаришлари учун сайёҳлик фирмаси орқали Саудия Арабистонига юбориш эвазига 16 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди. 

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

© 2023 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+