Ғазо секторидаги фаластинликлар ва хориждаги эронликлар Раисийнинг ўлимини байрам қилишмоқда

2014 йилда бир тарафдан Исроил Ғазо секторини, иккинчи тарафдан Эрон армияси Асад армияси билан ҳамкорликда Ярмуқдаги фаластинлик қочоқларнинг лагерини блокада қилган эди.

Жаҳон
21 май, 11:11
Ғазо секторидаги фаластинликлар ва хориждаги эронликлар Раисийнинг ўлимини байрам қилишмоқда

Эрондаги ва хориждаги эронликлар марҳум Раисийнинг инсон ҳуқуқлари ва сўз ҳамда виждон эркинликларига қарши олиб борган шафқатсиз сиёсатини ёдга олишган бўлса, мамлакатдаги этник озарбайжонлар Раисийнинг гўёки “сеператистик” кайфиятдаги фаолларга қарши репрессияларини яна бир бор хотирлашди. 

Эрондаги суннийлар эса марҳум президентнинг суннийлар компакт яшовчи Сиистон ва Белжистон муҳофазаларининг маъмурий чегараларини ўзгартириш ва ундаги суннийларни бошқа ҳудудларга тарқатиб, бўлиб юбориш ғояларидан нафратларини яшириб ўтиришмаяпти.

Озарбайжонликлар эса Раисийнинг Тоғли Қорабоғ масаласида Арманистон тарафида, яъни ўз шиа биродарларига қарши позицияда туриб, расмий Боку манфаатларига зид сиёсат юритгани, арманларни қурол-яроғ ҳамда разведка маълумотлари билан таъминлаш масаласида “жонбозлик” кўрсатгани, шунингдек, Озарбайжон ва Марказий Осиё иқтисодиёти учун ўта муҳим йўл – минтақани Европа билан боғловчи Зангеузар коридорининг очилишига қаршилик қилаётганини ёдга олишди.

Айрим кузатувчилар "Эрон Исроилга якка ўзи қаршилик қилди" ёки "Фаластин учун фақат Эрон курашяпти" деган тушунчаларда юришади. Бироқ натижаларга қарайдиган бўлсак, Эроннинг гўёки фаластинликлар манфаати учун қилган саъй-ҳаркатлари фақат ўзининг аксилисроил ва аксиламерика манфаатлари йўлида қилинган холос. Фаластин мустақил бўлиши учун Эрон киритган бирорта резолюция ёки "йўл хариталари"ни келтириш қийин. Аксинча, минтақада тинчлик ўрнатилиши ва Фаластин мустақиллиги яқинлашгандек кўринган даврларда Эрон ўзининг "Ҳизбулло" жангарилари орқали Исроилга ракета отиб, улар шартномаларни бузиши учун тайёр баҳона яратиб берган. 

Фаластинликлар, хусусан Ғазо секторидаги мусулмонлар ҳам Эрон ҳукуматининг бирор амалий ёрдамини эслай олишмайди. Аксинча, Эрон ҳукуматининг Сурияда Башар Асад режими армиясига ёрдам бериб, суннийларни қирғинбарот қилаётганини тилга олишади холос. 

Жумладан, 2014 йилда бир тарафдан Исроил Ғазо секторини, иккинчи тарафдан Эрон армияси Асад армияси билан ҳамкорликда Ярмуқдаги фаластинлик қочоқларнинг лагерини блокада қилган эди. Фаластинликлар Асад режимини қўллаб-қувватламагани боис, эронликлар бу лагерга халқаро гуманитар ёрдам доирасида келаётган ёқилғи, дори-дармон ва озиқ-овқатларнинг бирортасини ҳам ўтказмаган. Лагердаги мусулмонларнинг очлик, ташналик ва касалликдан қийналишлари, 205 фаластинликнинг очликдан ўлгани ҳам Эрон каби “уммат пешвоси”нинг раҳмини келтирмаган ўшанда. Шу жиҳатдан олиб қараганда, улар Исроил билан баб-баравар позицияда туришган эди. Фақат БМТ Хавфсизлик кенгаши ва Ғарб давлатларининг босими остида фаластинликларга озиқ-овқатларнинг бир қисми етказилган холос.

Умуман олганда, 2014 - 2021 йиллар давомида Эрон армияси Асад аскарлари билан биргаликда 5 мингдан зиёд фаластинликни ўлдиргани айтилади. Уларнинг аксарияти Эрон бомбалаши остида ўлган бўлса, 630 нафари Асад қамоқхоналарида қийнаб ўлдирилган. Яна минглаб фаластинликлар ҳамон Асад қамоқхоналарида сақланмоқда.

© 2023 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+