Андижон ИИБ собиқ мансабдорининг кирдикорлари фош бўлди
У таълим муассасаларига 245.006.900 сўмлик йўл белгилари ва бошқа товар моддий бойликларини етказиб бермай, камомадга йўл қўйган.
Жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар судида ИИБ собиқ мансабдорига жазо тайинланди. Мазкур иш бўйича суд ҳукми Platina.uz ихтиёрида мавжуд.
Ҳукм тафсилотларига кўра, судланувчи У.М. 2023 йилнинг июн ойидан ноябр ойига қадар Андижон вилоят ички ишлар бошқармаси жамоат хавфсизлиги хизмати йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ҳузуридаги эксплуатация монтаж бўлими бошлиғи лавозимида ишлаб келган. У таълим муассасаларига 245.006.900 сўмлик йўл ҳаракати қоидалари белгилари ва шунга ўхшаш товар моддий бойликларини етказиб бермасдан, камомадга йўл қўйиб, ўзининг жиноий ҳаракатларини яшириш ва қонуний тус бериб ниқоблантириш мақсадида барча турдаги товар моддий бойликлари етказиб берилганлиги тўғрисида соҳта далолатномаларни расмийлаштирган.
Андижон вилоят ИИБ ЖХХ ЙХХБ ЭМБ бош ҳисобчиси лавозимида ишлаган П.Ш. эса турли шахсларга устамалар ёзиш орқали жами 211.341.200 сўмлик 15 фоизли устама ва мукофот пулларини ортиқча ҳисоблаб, тўловга тақдим этиб, бюджет интизомини бузганлиги натижасида давлат бюджетининг сиёсий барқарорлигига жуда кўп миқдорда путур етказган.
Судда У.М. ўз айбига иқрор бўлмасдан, зарар қоплангани, ишларни назорат қила олмагани сабаб мавжуд вазият юзага келганини айтиб, текширув бир томонлама ўтказилгани, уни иштирокини таъминлашмагани, иш юзасидан адолатли қарор чиқариб, уни оқлашни сўраб кўрсатув берди. П.М эса ўз айбига иқрор бўлган. У хозирги вақтда ушбу мукофот пулларини қайтариш чоралари кўрилаётгани ва хозирги кунга келиб 90 фоиз пул маблағи бюджетга қайтарилганини билдирган.
Якуний ҳукмга кўра, ИИБ собиқ мансабдори У.М.га ЖКнинг 59,61-моддаси тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиб, узил-кесил ўташ учун ички ишлар органлари тизимида ишлаш ҳуқуқидан 1 йил 6 ойга маҳрум қилиб, иш ҳақининг йигирма фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 1 йил 6 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. Жазо тайинлашда иш юзасидан келтирилган 245.000.000 сўм зарар тўлиқ ундирилганлиги инобатга олинган.
Ш.П.га эса 184-модда 2-қисми билан ЖКнинг 45- моддасини қўллаб, 1 йил муддатда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида 16.500.000 сўм жарима жазоси тайинланди.